Ўзбекистонда парламент мухолифати ваколатлари кенгайтирилди

Ўзбекистонда парламент мухолифати ваколатлари кенгайтирилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 30 июль куни парламентдаги мухолифатнинг ҳуқуқларини кенгайтирадиган қонунни имзолади. Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 13 май куни қабул қилиниб, Сенат томонидан 25 июнда маъқулланган эди.

Қонун билан айрим қонунларга ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракциясига бир қанча қўшимча ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг сони 3 тадан 6 тагача оширилади. Хусусан:

  • қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилгунига қадар ҳам ўша масалага доир қонун лойиҳаси ёки унинг таркибий қисмининг муқобил таҳририни киритиш ҳуқуқи;
  • Қонунчилик палатасининг 1 нафар қўмита раиси ва 2 нафар қўмита раиси ўринбосари лавозимларини кафолатли эгаллаш ҳуқуқи;
  • ҳар чоракда «ҳукумат соати» ва парламент сўрови доирасида камида битта масала киритиш ҳуқуқи берилади.

Ҳужжат «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ҳамда «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги Конституциявий қонунларга, шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги, «Парламент назорати тўғрисида»ги ҳамда «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритади.

Бунгача парламент мухолифатига қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишдан олдин шу масала бўйича муқобил таҳрирдаги қонун лойиҳасини, шунингдек, Қонунчилик палатаси қарори лойиҳасини киритиш ҳуқуқи тақдим этилган эди.

Бундан ташқари, мухолифат муҳокама қилинаётган масалалар юзасидан Қонунчилик палатасининг мажлис баённомасига ўзининг алоҳида фикрини киритиши мумкин, шунингдек, Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича ярашув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши ҳуқуқига эга.

Ноябрь ойида президент янги даврда Ўзбекистон парламенти ҳақиқий халқ уйига айланиши, унинг қуйи палатаси эса ғоялар генератори, соғлом рақобат ва баҳслар майдони бўлиши кераклигини таъкидлаган эди. У парламентда мухолифатнинг фаоллигини ошириш зарурлигини таъкидлаб, унинг ҳуқуқларини кенгайтиришни таклиф этган эди.

Май ойида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси ва «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси бирлашиб, «Тараққиёт блоги»ни тузганидан сўнг Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўзини парламентдаги мухолифат фракцияси деб эълон қилган эди.

Парламент мухолифати сифатида ХДП ҳукумат ва парламент кўпчилиги таклиф қилаётган ташаббусларни танқидий тарзда кўриб чиқиб, улар бўйича ўз позициясини билдиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, партия етакчиси Улуғбек Иноятов агар кўпчилик томонидан тақдим этилган қонун лойиҳалари электорат манфаатларига жавоб бермаса, партиянинг уларга муқобил қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва киритиш имконияти ҳам мавжудлигини маълум қилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.