Антидопинг агентлиги Лазизбек Мулложоновнинг вазияти бўйича маълумот берди

Антидопинг агентлиги Лазизбек Мулложоновнинг вазияти бўйича маълумот берди

Аввалроқ, ўзбекистонлик боксчи, Париж Олимпиадаси ғолиби Лазизбек Мулложонов антидопинг қоидаларини бузганликда гумон қилинаётганини хабар қилгандик.

Ўзбекистон Миллий Антидопинг агентлиги вазиятга муносабат билдирди.

«Париж — 2024 Олимпия ўйинлари ғолиби Лазизбек Мулложоновдан жорий йил 11 июндаги олинган допинг синамада Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг “Спортда тақиқланган моддалар ва усуллар рўйхати”да S1.1 анаболик агентлар гуруҳига киритилган “Метастерон” (Methasterone) тақиқланган моддаси аниқланган.

Ҳозирги кунда ушбу ҳолат юзасидан Халқаро Тестлаш агентлиги (ITA) томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганишлар, хусусан, спортчи томонидан мазкур тақиқланган моддани терапевтик истиснолар халқаро стандартининг 4.1 моддасига мувофиқ терапевтик мақсадларда ишлатилганлиги бўйича ҳам суриштирувлар олиб борилишини ўз ичига олади. Мазкур ҳолатда, агар тақиқланган модда истисно тарзида терапевтик мақсадларда қўлланилган деб топилса, спортчига дисквалификация жазо чораси қўлланилмаслиги мумкин. Шунга мувофиқ, суриштирув ва таҳлил жараёнлари охирига етгачгина якуний қарор эълон қилинади.

Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларидан якуний хулосага эга бўлмаган маълумотларни тарқатмасликни ва Ўзбекистон Республикаси Миллий антидопинг агентлиги томонидан расмий маълумот эълон қилинмасидан олдин асоссиз хабарларни тарқатмасликларини сўраймиз. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, мазкур қоидабузарлик Л.Мулложоновнинг ундан допинг синама олинган кун, яъни жорий йилнинг 11 июнь кунига қадар кўрсатган натижалари, жумладан, Париж — 2024 Олимпия ўйинларидаги олтин медалига таъсир ўтказмайди», дейилади ташкилот хабарида.

Манба: uznada.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.