Ўзбекистон ва Евроиттифоқ КШҲТБни имзолаш орқали виза тартибини соддалаштириш бўйича музокараларга йўл очди

Ўзбекистон ва Евроиттифоқ КШҲТБни имзолаш орқали виза тартибини соддалаштириш бўйича музокараларга йўл очди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Европа Кенгаши раиси Антониу Кошта ва Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен билан учрашуви якунида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (КШҲТБ) имзолангани муносабати билан қўшма баёнот қабул қилди.

Ҳужжатда янги келишув ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп йиллик мулоқот, ўзаро ишонч ва барқарор ривожланишга асосланган «стратегик шериклик ривожидаги муҳим босқич» сифатида таърифланди. У сиёсий мулоқотни кучайтиришга, савдо алоқаларини диверсификация қилишга ҳамда минтақавий интеграцияни ривожлантиришга қаратилган.

Халқаро ҳуқуққа содиқлик


Томонлар 4 апрель куни Самарқандда бўлиб ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити декларациясидаги принципларга содиқлигини тасдиқлади.

Ҳужжатда халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, БМТ Низомига, барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва халқаро миқёсда эътироф этилган чегаралар доирасидаги ҳудудий яхлитлигига ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги таъкидланган.

Баёнотда таъкидланишича, ушбу тамойиллар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг асосини ташкил этади ҳамда халқаро ва минтақавий форматларда тинчликни илгари суриш, ўзаро ҳурмат ва глобал муаммоларни ҳал этишда кўп томонлама ёндашувни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Минтақавий интеграция


Ўзбекистон ва ЕИ Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтариш ҳақидаги қарорни, шунингдек, апрель ойидаги саммитда эришилган келишувларни юқори баҳолади.

Ушбу келишувлар доирасида 2025 йилда Тошкент шаҳрида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи Иқтисодий форуми ҳамда Транскаспий транспорт коридори ва ўзаро боғлиқлик бўйича инвесторлар форумини ўтказиш режалаштирилган.

Томонлар, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувларини муҳим деб ҳисоблаб, улар минтақавий бирдамликни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни кенгайтириш ва минтақанинг Европа Иттифоқи билан алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Хавфсизлик, рақамлаштириш ва савдо


Баёнотда қайд этилишича, КШҲТБ киберхавфсизлик, терроризмга қарши кураш, чегараларни муҳофаза қилиш ва гибрид таҳдидлар олдини олиш соҳаларида ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратмоқда.

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон рақамли ҳамда барқарор транспорт алоқалари соҳасида, шунингдек, муҳим хомашё соҳасида шерикликни ривожлантириш ниятини ҳам тасдиқладилар.

Ҳужжат савдо ва инвестицияларни кенгайтириш ҳамда диверсификация қилиш, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва барқарорликни оширишга қаратилган чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Томонлар Ўзбекистонда ишчи кучи ҳаракатчанлигини ошириш бўйича кўрилган чораларни қайд этди. Шунингдек, КШҲТБ доирасида, зарур шароитлар мавжуд бўлса, томонлар реадмиссия ва виза режимини соддалаштириш бўйича келишув юзасидан музокараларни кўриб чиқиш имкониятини ҳам назарда тутади.

Иқлим, Орол ва барқарор ривожланиш


Ўзбекистон ва ЕИ иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларни бажариш бўйича ҳамкорликка тайёр эканлигини тасдиқлади. Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг Метан бўйича глобал ташаббусга (Global Methane Pledge) қўшилиш тўғрисидаги қарорини олқишлади.

Ҳужжатда, шунингдек, томонларнинг сув-энергетика ҳамкорлиги, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва Оролбўйи экотизимини тиклаш соҳасида инновацион лойиҳаларни ривожлантириш нияти алоҳида таъкидланган. Бу ташаббуслар, ҳужжатда қайд этилганидек, Ўзбекистон ва ЕИнинг экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда «узоқ муддатли фаровонлик»ни таъминлаш йўлидаги умумий интилишини акс эттиради.

Ислоҳотлар ва фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш


Қўшма баёнотда томонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар дастури умумий устувор йўналиш эканини эътироф этди. Алоҳида эътибор қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва самарали давлат бошқарувини таъминлашга, шунингдек, фуқаролик жамияти ва эркин ОАВни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Европа Иттифоқи миллий ислоҳотларга, жумладан, меҳнат ҳуқуқлари, таълим ва гендер тенглиги соҳаларида кўмак беришни давом эттиришга тайёрлигини тасдиқлади. Шунингдек, ЕИ-Ўзбекистон фуқаролик жамияти форуми орқали фуқаролар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни, ёшлар алмашинувини ва маданий мулоқотни ривожлантириш режалаштирилган.

ЖСТга аъзо бўлишни қўллаб-қувватлаш


Европа Иттифоқи Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши доирасида хизматлар ва товарлар бозорига кириш бўйича музокаралар якунланганини олқишлади.

Қайд этилишича, ушбу қадам Евроиттифоқнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш жараёни ҳамда иқтисодий ислоҳотларга сиёсий қўллаб-қувватловини, шунингдек, икки томоннинг «қоидаларга асосланган, марказида ЖСТ бўлган кўп томонлама савдо тизимига» содиқлигини намоён этади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.