Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама муносабатлар стратегик даражага кўтарилганини олқишлади

Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама муносабатлар стратегик даражага кўтарилганини олқишлади

Брюсселдаги Европа кенгаши бош қароргоҳи — «Европа» биносида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Европа кенгаши президенти Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Унда 2025 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» биринчи саммити якунида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида кўп қиррали Ўзбекистон — Европа ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Етакчилар шу кунда имзоланган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги тарихий битимни юқори баҳоладилар. Ушбу кенг қамровли ҳужжат Ўзбекистон билан ЕИ ҳамкорлигининг нафақат ҳуқуқий асосларни кенгайтириши, балки янги кун тартибини шакллантириши таъкидланди.

Қайд этилишича, битим бирлашмага аъзо давлатлар билан, энг аввало, савдо, инвестициялар, транспорт, энергетика, иқлим, юқори технологиялар ва маданий-гуманитар ҳамкорлик соҳаларидаги алоқаларни кучайтиради.

Томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича ЕИ билан икки томонлама музокаралар якунланганини ҳам олқишладилар.

Барча даражаларда фаол, сермаҳсул мулоқот ва алмашинувлар амалга оширилаётгани катта мамнуният билан таъкидланди. Ташриф арафасида Ўзбекистон делегацияси Европа Иттифоқининг «Глобал дарвоза» иккинчи форумида иштирок этди. Куни кеча эса Ҳамкорлик кенгаши ҳамда Иқтисодиёт, савдо ва инвестициялар бўйича кичик қўмита йиғилишлари муваффақиятли ўтказилди.

Йиғилиш арафасида йирик қўшма бизнес форуми ўтказилди, шунингдек, Европанинг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Улар натижасида энергетика, кимё, муҳим минераллар, логистика, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида умумий қиймати 10 миллиард евродан зиёд бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Бу Европа компаниялари иштирокидаги умумий қиймати 40 миллиард евродан зиёд бўлган ҳозирги лойиҳалар портфелига салмоқли қўшимчадир.

Шерикликнинг юқори суръатини сақлаб қолиш учун ҳамкорликнинг институционал механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестициялар, муҳим минераллар, энергетика, транспорт, фан ва таълим соҳаларида янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун виза тартиботларини соддалаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Етакчилар халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди. Учрашув якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.