Бельгия Ўзбекистонда ўз элчихонасини очади

Бельгия Ўзбекистонда ўз элчихонасини очади

Бельгия Қироллиги Тошкентда ўз элчихонасини очади, деб хабар бермоқда мамлакат Федерал давлат хизмати.

Баёнотда дунё тартиби жуда тез ўзгариб бораётгани, «Бельгия ўз таъсирини ошириш учун дипломатик постлар тармоғини оптималлаштираётгани» ҳақида сўз боради.

«Буларнинг барчаси дипломатик ваколатхоналаримиз тармоғини қайта баҳолашни тақозо этди — бу геосиёсий нуқтаи назардан абадийдек туйилган, 12−15 йил давомида амалга оширилмаган жараёндир», — дейилади хизмат хабарида.

Таъкидланишича, бош вазир ўринбосари, Бельгия ташқи ишлар вазири Максим Прево ишларни оптималлаштириб, 20 га яқин дипломатик постни мустаҳкамлаш, 5 та янги элчихона очиш ва 8 тасини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Қайд этилишича, ушбу ўзгаришлар 2026 ва 2027 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилади.

«Баъзи элчихоналар шунчалик чекланган штатлар билан ишлайдики, бу уларнинг сонига ҳам, сифатига ҳам таъсир қилади. Лекин бу шундай даврки, биз ўз дипломатик салоҳиятимизни кучайтиришимиз ва нозик ёки стратегик геосиёсий минтақаларда ўз манфаатларимизни ҳимоя қилишимиз керак», — дея тушунтирилади баёнотда.

«Тошкентда элчихона очамиз»


«Марказий Осиё, айниқса, Транскаспий йўлагини („янги Ипак йўли“) ривожлантириш орқали катта стратегик имкониятларга эга. Бу тез кенгайиб бораётган минтақа бўлиб, Бельгия ўзини кучлироқ намоён қилиши керак. Шунингдек, у Хитой, Россия, Покистон, Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон билан чегарадош муҳим геосиёсий муҳитда жойлашган юқори салоҳиятли минтақадир. Бу келгуси ўнйилликда ривожланишнинг йирик сакрашини бошдан кечирадиган минтақанинг келажагига стратегик сармоядир. Бир қатор хорижий давлатлар буни аллақачон тушуниб етган ва у ерга катта сармоя киритмоқда. Шунинг учун Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида элчихона очамиз», — дейилади хабарда.

Бельгия элчихонаси (ёки бош консулхона) очиладиган шаҳарлар:

  1. Тирана (Албания, Европа);
  2. Виндхук (Намибия, Африка);
  3. Маскат (Ўмон, Осиё);
  4. Тошкентда (Ўзбекистон);
  5. Аддис Абеба (Эфиопия. У ерда Африка Иттифоқида кузатувчи сифатида доимий вакил тайинланади).

Бельгия элчихонаси (ёки бош консулхона) ёпиладиган шаҳарлар:
  1. Сараево (Босния ва Герцеговина, Европа);
  2. Конакри (Гвинея, Африка);
  3. Бамако (Мали, Африка);
  4. Мапуто (Мозамбик, Африка);
  5. Гавана (Куба, Шимолий Америка);
  6. Рио-де-Жанейро (Бразилия, Жанубий Америка, у ерда Бош консулхона ёпилмоқда);
  7. Гуанчжоу (Хитой, Осиё; бу ерда Бош консулхона ёпилади, Пекиндаги пост мустаҳкамланади);
  8. Ал Кувайт (Кувайт, Осиё).

Бельгиянинг Қозоғистоннинг Остона шаҳрида элчихонаси бор ва элчи Эрик Де Майер бир вақтда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги бош консул этиб тайинланган. Ўзбекистон 1995 йилдаёқ Бельгияда ўз дипломатик миссиясини ташкил қилган. Ўз навбатида, Тошкентда Бельгия фахрий консуллиги фаолият юритиб келмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Брюссель шаҳрига расмий ташриф доирасида 24 октябрь куни Лакен саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгия қироли Филипп билан учрашуви бўлиб ўтганди. Учрашув якунида Ўзбекистон раҳбари қиролни ташриф билан мамлакатга келишга таклиф этган.

Маълумот учун, Тошкент ва Кортрейк, Самарқанд ва Льеж шаҳарлари ўртасида биродарлик алоқалари ўрнатилган. Кортрейкда аллома Абу Али ибн Синонинг бюсти очилган. 2024 йилда эса Тошкентда Бенилюкс (Бельгия, Нидерландия ва Люксембургнинг иқтисодий иттифоқи) мамлакатларининг савдо палатаси ташкил этилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.