Давлат раҳбари Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи тарихий воқеа бўлгани ҳамда Ўзбекистон — Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари ривожида муҳим босқични бошлаб берганини катта мамнуният билан қайд этди.
Ташриф доирасида Олий Давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, унда икки томонлама кун тартибининг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди. Қозоғистон Ўзбекистоннинг муҳим савдо шерикларидан бири экани таъкидланди.
2025 йил бошидан товар айирбошлаш 15 фоизга ўсиб, қарийб 4 миллиард долларга етди. Унинг ҳажмини 2030 йилга бориб, 10 миллиард долларга етказиш бўйича комплекс ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. «Марказий Осиё» халқаро саноат кооперацияси марказининг очилиши ташрифнинг муҳим воқеаси бўлгани қайд этилди.
Ушбу илғор лойиҳа мамлакатлар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва замонавий қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга қаратилгани айтилди.
Шунингдек, устувор соҳаларда умумий қиймати 1,3 миллиард долларлик янги лойиҳаларга старт берилди.
Бундан ташқари, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари батафсил муҳокама қилинди. Замонавий транспорт йўлакларини биргаликда ривожлантириш, чегараолди инфратузилмаси самарадорлигини ошириш, юк ташишларни, жумладан, Ақтау ва Қуриқ портлари орқали рағбатлантиришга келишиб олинди.
Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик, хусусан, анъанавий ва муқобил энергетика бўйича қўшма лойиҳаларни илгари суриш стратегик йўналиш сифатида белгиланди.
Томонлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сувдан оқилона фойдаланиш соҳасида, энг аввало, Марказий Осиё минтақасида ҳамкорликни ривожлантирадилар.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳим аҳамиятга эга. Бу йил Олмаота ва Остонада «Лазги» балети намойиши, рассомлар кўргазмаси, адиблар форуми ва ёшлар фестивали катта муваффақият билан ўтди. Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари аҳолида катта қизиқиш уйғотиб, илиқ таассурот қолдирди.
Фан ва таълим муассасалари, ижодий ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувларни фаоллаштириш, туризм соҳасидаги қўшма дастурларни кенгайтиришга келишиб олинди.
Томонлар минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга интилишларини яна бир бор таъкидладилар. Шу маънода, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари муҳим ўрин тутиши қайд этилди.
Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий интеграция ва бутун Марказий Осиёда бирдамликни мустаҳкамлаш жараёнларига янги суръат бағишлаши алоҳида таъкидланди.
Кўп томонлама, шу жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ, МДҲ, Туркий давлатлар ташкилоти, «Марказий Осиё плюс» форматларида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.
«Ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевичнинг ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари юксак даражада эканини яна бир бор яққол тасдиқлади, — деди Ўзбекистон раҳбари.
«Икки томонлама муносабатлар мисли кўрилмаган юксак даражага кўтарилди, Марказий Осиё эса бутун дунёга дўстлик ва ҳамкорлик минтақаси сифатида танилди. Ўзбек халқининг тан олинган етакчиси, халқаро майдонда улкан обрў-эътиборга эга, буюк давлат арбоби, Янги Ўзбекистоннинг асосчиси бўлган муҳтарам президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бунда хизматлари беқиёс. Президент Шавкат Мирзиёевнинг кучли етакчилиги туфайли Ўзбекистон кўплаб соҳаларда юксак натижаларга эришди, муваффақиятли ривожланаётган давлат сифатида бутун дунёга танилди», — деди Қозоғистон президенти.
Якунда президент Шавкат Мирзиёев эришилган келишувлар ва имзоланган битимлар икки томонлама шерикликни аниқ мазмун билан бойитиши, қўшма лойиҳалар учун янги уфқлар очиши, биродар давлатларнинг барқарор тараққиёти учун мустаҳкам замин яратишига ишонч билдирди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.