Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентини «Олий даражали дўстлик» ордени билан мукофотлади

Шавкат Мирзиёев Туркманистон президентини «Олий даражали дўстлик» ордени билан мукофотлади

Кўксарой қароргоҳида Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедовга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти — «Олий даражали дўстлик» орденини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон раҳбари мукофотни топширар экан, ушбу қарор Туркманистон президентининг икки қардош мамлакат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шерикликни мустаҳкамлашдаги ютуқларига нисбатан Ўзбекистон халқининг ҳурмати ва эътирофининг ифодаси эканини таъкидлади.

«Сиз отангиз, туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ишини муносиб давом эттирмоқдасиз. Мамлакатингизда халқ фаровонлигини таъминлаш учун ишончли пойдевор яратаётган кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

2025 йилда Туркманистонда «Халқаро тинчлик ва ишонч йили» ҳамда мамлакат Бетарафлигининг 30 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар ўтказилмоқда.

Сердар Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистон — Туркманистон муносабатларини кенгайтиришга қўшган ҳиссаси мамнуният билан қайд этилди.

Мукофот мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик рамзига айланиши қайд этилди. Ўз навбатида, Туркманистон президенти Ўзбекистон етакчиси ва халқига юксак эътироф учун миннатдорлик билдирди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга интилиш қатъий эканини таъкидлади.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев ушбу мукофот билан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни ҳам мукофотлаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.