Тоқаев Мирзиёевга миннатдорлик мактуби йўллади

Тоқаев Мирзиёевга миннатдорлик мактуби йўллади

Қасим-Жомарт Тоқаев Шавкат Мирзиёевга 14−16 ноябрь кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида Қозоғистон делегациясига кўрсатилган илиқ меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда Акорда хабар берди.

Мактубда ушбу ташриф Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга кучли туртки берган тарихий аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Қўшни давлат президенти Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг VII Маслаҳат учрашуви ташкил этилганини ҳам юксак баҳолади.

Унинг сўзларига кўра, минтақавий ҳамкорликнинг бутун спектри бўйича мазмунли муҳокамалар, қабул қилинган муҳим қарорлар ва ҳужжатлар, шунингдек, Озарбайжоннинг тўлақонли иштирокчи сифатида қўшилиши форумга стратегик аҳамиятга эга тадбир мақомини берди.

Тоқаевнинг давлат ташрифи


Қозоғистон президентининг бу галги давлат ташрифи давомида қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш таклиф этилди. Ҳудудлар раҳбарларининг биринчи кенгашини 2026 йилда Қозоғистонда ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.

Янги Тошкентда «Остона» мавзеси ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон пойтахтларида «Тошкент» ва «Остона» меҳмонхоналари қуриладиган бўлди. Халқаро саноат кооперацияси маркази ва Tenge Bank`нинг Тошкентдаги янги бош офиси ишга туширилди.

Икки давлат ўртасида божхона хизмати ваколатхоналарини очиш, қўшма ҳарбий ўқувларни ўтказиш, қўшма инвестиция платформасини яратиш ва тоғ-кон саноатида ҳамкорликни ривожлантириш каби 13 та ҳужжат имзоланди.

Қозоғистон президенти оммавий ахборот воситалари вакиллари учун берилган баёнотда: «Марказий Осиё бутун дунёга дўстлик ва ҳамкорлик минтақаси сифатида танилди. Бунда Шавкат Мирзиёевнинг хизматлари беқиёс», — дея таъкидлади.

Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим босқични бошлаб берди, деди Шавкат Мирзиёев. Қозоғистон ва Ўзбекистон рақиб ёки рақобатчи эмас, балки тараққиёт йўлида биргаликда бораётган ишончли иттифоқчилардир, дея қўшимча қилди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев ҳамкасбини Ўзбекистоннинг олий давлат мукофоти — «Олий даражали дўстлик» ордени билан мукофотлади.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.