Шахмат. Тарихда илк марта! Жаҳон тожи учун талабгорлар мусобақасида Ўзбекистон вакили иштирок этади!

Шахмат. Тарихда илк марта! Жаҳон тожи учун талабгорлар мусобақасида Ўзбекистон вакили иштирок этади!

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтаётган шахмат бўйича Жаҳон кубоги мусобақаси Ўзбекистон вакиллари учун ажойиб ўтмоқда. Ҳа, Нодирбек Абдусатторов ва Шамсиддин Воҳидов мусобақани эрта тарк этишди. Аммо Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдаров турнирнинг ярим финалига етиб боришди.

Жавоҳир бугун мексикалик Хосе Мартинес қарши тай-брекда иштирок этди. 15+10 форматида ўтказилган партиянинг дастлабкисида ҳамюртимиз қора доналарда ҳаракат қилди. Вазият тенг бўлиб турган вазиятда Синдаров 35-юришда қўпол хатога йўл қўйди ва 50-юришга келиб мағлубиятини тан олди.

Ўзбекистонлик шахматчи иккинчи партияда оқ доналарда ўйнаб, 20-юришга келиб катта устунликни қўлга киритди. Мексикалик рақиб эса таваккал қилган ҳолда пиёдаларни қурбон қилди ва ҳужумга ташланди. Жавоҳир рақибнинг ушбу ҳамламасини муаммосиз бартараф этди ҳамда ўз устунлигини янада ошириб борди. Натижада Хосе Мартинес бир нечта юришдан кейин мот бўлиши муқаррар ҳолга келгани учун 35-юришда мағлубиятини тан олди.

Шахматчилар энди 10+10 форматида рапид ўйнашди. Жавоҳир дастлаб қора доналарда дуранг қайд этди. Оқ доналарда эса ҳамюртимиз ўзининг позицион ўйини орқали рақибни қийин вазиятга туширишда давом этди. 63-юришга келиб Синдаровнинг пиёдаси Фарзинга чиққач, мексикалик спортчи таслим бўлди. Умумий ҳисоб — 3,5-2,5, Жавоҳир Синдаров ярим финалда!

Ярим финалда Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдаров тўқнаш келишади. Улардан бири мусобақа финалига чиқиш билан биргаликда жаҳон тожи учун бўладиган талабгорлар мусобақасига йўл олади. Ютқазган ҳамюртимиз эса учинчи ўрин учун бўладиган баҳслар орқали талабгорлар мусобақаси йўлланмасини қўлга киритишга уриниб кўради.

Эртага мусобақада дам олиш куни. Ярим финал баҳслари 21-23 ноябрь кунлари ўтказилади.

Ярим финал жуфтликлари:

Жавоҳир Синдаров — Нодирбек Ёқуббоев
Андрей Есипенко (Россия) — Вей Ви (Хитой)

Манба: stadion.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.