Катта спорт байрамига чорлов мусиқаси янгради. Стадионга ҳудудий саралаш мусобақаларидан муваффақиятли ўтган спортчилар ва жамоалар, жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинлари чемпионлари чиқиб келди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
– Бугун Янги Ўзбекистон тимсоли бўлган мана шу муаззам Олимпия шаҳарчасида сизлар билан бирга Президент Олимпиадаси ўйинларига старт бермоқдамиз. Мамлакатимизда биринчи марта ўтказилаётган, бутун юртимиз ёшларини олимпия ҳаракатининг эзгу ғоялари асосида бирлаштираётган ушбу спорт байрами барчамизга муборак бўлсин! – деди давлатимиз раҳбари.
Ислоҳотларнинг илк кунлариданоқ барча соҳалар қатори жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги саккиз йилда бюджетдан спортга берилаётган йиллик маблағ 250 миллиард сўмдан 3 триллион сўмга ошди, спорт мураббийларининг ўртача маоши 7 баробар кўпайди, 250 дан зиёд йирик спорт объектлари янгидан қурилди, 100 га яқини реконструкция қилинди.
Маҳаллаларда, айниқса, чекка-чекка қишлоқларда 2 мингга яқин спорт майдончалари барпо этилди, 14 та Олимпия ва Паралимпия марказлари тўлиқ замонавий инфратузилма билан таъминланди.
Бу ишлар юртимизнинг нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиши ва спорти юксак ривожланган давлатлар қаторидан жой олишига мустаҳкам замин яратмоқда.
Жумладан, Париж Олимпия ва Паралимпия ўйинларида мард ва баҳодир спортчиларимиз чинакам жасорат кўрсатиб, 13-ўринни эгаллади. Ана шундай зафарли юришнинг давоми сифатида жорий йилда ёшларимиз жаҳон универсиадасида 13-ўринни, Баҳрайнда ўтказилган Ёшлар ўйинлари ва Саудия Арабистонидаги Ислом бирдамлиги мусобақаларида фахрли 2-ўринни эгалладилар.
Айниқса, ўғил-қизларимиз жаҳон, Осиё ва Олимпия ўйинларида 50 дан ортиқ рекорд натижаларга эришгани юртимизнинг халқаро Олимпия ҳаракатидаги ўрни ва нуфузини яққол кўрсатиб турибди.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк бор жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани халқимиз 34 йил кутган тарихий воқеа бўлди.
– Ҳеч шубҳасиз, Янги Ўзбекистоннинг спорт тарихини юзлаб иродаси мустаҳкам, жасур ва матонатли, юксак интеллектуал салоҳиятга эга ўғил-қизларимиз яратмоқда. Ана шундай қаҳрамон спортчиларимизга шон-шарафлар бўлсин! Уларнинг боши узра Ватанимиз байроғи ҳамиша мағрур ҳилпираб турсин! – деди Президентимиз.
Бугунги кунда дунёда барча соҳалар қатори спорт оламида ҳам кескин кураш ва рақобат кечаётгани таъкидланди. Бу эса нуфузли халқаро спорт мусобақалари, жумладан, Олимпия ўйинларига тайёргарлик тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Бу ишларни энг қуйи бўғин бўлган маҳалладан бошлаш учун жорий йил беш босқичли оммавий спорт мусобақалари билан 15 миллион аҳоли қамраб олинди. Адаптив спортга берилаётган эътибор туфайли сўнгги уч йилда параспортчилар сони қарийб етти карра ошиб, 70 мингдан ортиқ ногиронлиги бор шахслар оммавий спортга жалб этилди.
Соҳани рақамлаштириш ва шаффофлигини ошириш ҳисобига барча 10 минг мактаб ва 9 минг маҳалладаги ўғил-қизлар ўз салоҳиятини намоён қилиш имконига эга бўлди.
Энди энг иқтидорли ёшларни селекция қилиш ва уларни катта спортга йўналтириш бўйича мутлақо янги тизим – Президент Олимпиадаси ўйинлари бошланмоқда.
Мусобақанинг туман ва вилоят босқичларида умумтаълим мактабларидаги спорт тўгараклари, хусусий спорт клублари ва 310 та спорт мактабидан 100 мингдан ортиқ ёшларимиз иштирок этди.
Энг юқори натижага эришган 3 мингдан зиёд ўғил-қизлар Президент Олимпиадасига келди. Улар спортнинг 10 та йўналиши бўйича ўзаро беллашувларни бошлади.
Ғолиблар махсус совринлар ва пул мукофотлари билан тақдирланади. Энг асосийси, улар терма жамоаларга тўғридан-тўғри йўналтирилади.
Аъло даражадаги тайёргарликни давом эттириш учун улар Олимпия ва Паралимпия марказларига қабул қилинади ва ҳар бирига стипендия берилади.
Бир сўз билан айтганда, бундан буён ҳар йили ўтказиладиган Президент Олимпиадаси янги иқтидорларни кашф қилиб, самарали селекция тизимига айланади.
Келгуси йилдан бошлаб, сув спорти, велоспорт, триатлон, қиличбозлик ва жамоавий ўйинлар бўйича ҳам мусобақалар ўтказилиб, Президент Олимпиадасидаги спорт турлари 20 тага етказилади.
2026 йилда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси, 2027 йилда 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Жаҳон чемпионати ҳамда 2029 йилда Ёшлар Осиё ўйинлари Ўзбекистонда ўтказилади.
– Бундай йирик мусобақалар халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун катта байрам, катта маҳорат мактаби бўлади, мамлакатимизнинг дўстлик ва ҳамкорлик диёри сифатида халқаро обрў-эътиборини янада оширади. Президент Олимпиадаси тизими эса ҳеч шубҳасиз, бундай мусобақаларга жавоҳир спортчиларни танлаб олишга, хусусан, 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтадиган Олимпия ўйинлари учун ҳар бир ҳудуддан лицензиялар сонини кўпайтиришга хизмат қилади, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари хушхабарни эълон қилиш учун нутқида танаффус қилди. Шахмат бўйича Жаҳон кубоги финалида гроссмейстеримиз Жавоҳир Синдаров ғалаба қозонгани ҳақидаги янгилик гулдурос қарсаклар билан кутиб олинди.
Сўзини давом эттирар экан, Президентимиз спортнинг тарбиявий аҳамиятига тўхталиб ўтди. Турли зарарли ғоя ва таъсирлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда ёш авлодимизни ҳар томонлама соғлом этиб тарбиялаш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
– Мен бу борада спортни тарбиядан, тарбияни эса спортдан айри ҳолда тасаввур этолмайдиган сиздек ҳурматли спортчилар, фахрийларимиз ва устоз-мураббийларга таянаман, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Олимпиада иштирокчиларига омад ва зафарлар тилади.
Стадионга Ўзбекистон байроғи олиб чиқилди ва кўтарилди, мамлакатимиз мадҳияси ижро этилди.
Олимпия машъаласи ёқилиб, катта спорт байрами бошланди. Тадбир театрлаштирилган маданий дастур билан давом этди.
Маросимдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев шахматчимиз Жавоҳир Синдаров билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари гроссмейстеримизни Ҳиндистонда ўтган шахмат бўйича Жаҳон кубогида эришган ғалабаси билан ўз номидан ва барча юртдошларимиз номидан қизғин табриклаб, ушбу тарихий воқеа бутун халқимизни қувонтирганини таъкидлади. Ёш спортчимизга келгуси йилда Кипрда бўлиб ўтадиган Даъвогарлар турнирида муваффақиятлар тилади.
Манба: president.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.