Шавкат Мирзиёев Парагвай президенти билан учрашди
Кўксарой қароргоҳида Шавкат Мирзиёев ва Парагвай президенти Сантьяго Пенья расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати
хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон етакчиси Лотин Америкаси давлати президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши айтилди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда.
Матбуот хизмати етакчилар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашганини билдирди, аммо нималардан сўз очилгани ҳақида маълумот бермади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Парагвай президентлари қўшма баёнот
имзолади.
Етакчилар ҳузурида Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар механизмини яратиш тўғрисидаги англашув меморандумини имзолаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Парагвай президенти Сантьяго Пенья 11−13 декабрь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда
бўлиб туради. У Халқаро автомобиль федерацияси Бош ассамблеясида ва пойга ғолибларини тақдирлаш маросимида ҳам иштирок этади.