Ўзбекистон президенти: «Тинчлик ва ишонч — умумий фаровонлик асоси»

Ўзбекистон президенти: «Тинчлик ва ишонч — умумий фаровонлик асоси»

Тинчлик ва ишонч — умумий фаровонлик асосидир. Бу қадриятларни мустаҳкамлаш бутун халқаро ҳамжамият учун ҳал қилувчи устувор йўналиш бўлиб қолиши зарур, деди Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни Ашхободда бўлиб ўтган Тинчлик ва ишонч халқаро форумида. Тадбир Туркманистоннинг доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йилнинг Халқаро тинчлик ва ишонч йили деб эълон қилинишига бағишланган.

«Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёр», — деди президент.

«Туркманистоннинг доимий бетарафлик модели суверенитетни ҳурмат қилиш ва ички ишларга аралашмаслик тамойиллари фаол тинчликпарварлик ҳамда дипломатик фаолият билан қандай уйғунлашиши мумкин эканини ёрқин намойиш этмоқда», — деди у. — Биз Ўзбекистонда туркманистонлик қардошларимизнинг стратегик қарашлари ва ташқи сиёсий ёндашувларига кўп жиҳатдан қўшиламиз".

«Янги Ўзбекистон учун жаҳонга очиқлик, ўзаро ҳурмат ва мулоқотга интилиш — фундаментал қадриятлардир. Айнан шу сабабли биз умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббусини илгари сурдик. Ушбу ташаббус инсоният келажаги учун бефарқ бўлмаган, тинчлик, тотувлик ва барқарор тараққиёт учун интилаётган барча томонларни мулоқотга жалб этишга қаратилган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Ишончимиз комилки, фақат ўзаро ҳурмат ва тушунишга таянган гуманистик ҳамда инклюзив ёндашувларгина замонавий халқаро ҳамкорлик конструкциясини мустаҳкамлашга қодир», — деди у.

Ўзбекистон президенти: «Тинчлик ва ишонч — умумий фаровонлик асоси»

2027 — Превентив дипломатия йили


Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатига бўлажак раислигининг асосий устувор йўналишлари «тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашиш» бўлади.

Раислик давомида Ўзбекистон келажак авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилишни режалаштирмоқда, деди у.

«Глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашаётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда», — дея қўшимча қилди Шавкат Мирзиёев.

«Ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари бизнинг Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатимизнинг ҳам асосидир».

«Ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган ҳамкорлик энг улуғвор режаларни ҳаётга татбиқ этиш имконини беради. Шунинг учун ушбу режаларни гуманитар ҳамкорлик орқали илгари суриш муҳим», — деди давлат раҳбари.

Шу муносабат билан 2026 йили Тошкентда ижодий жамоалар, олимлар ва адиблар иштирокида «Маданиятлар мулоқоти» деб номланган қўшма халқаро гуманитар форумни ташкил этиш, шунингдек, таълим, маданият ва волонтёрлик ҳаракати соҳаларидаги ташаббусларни биргаликда амалга ошириш орқали ёшларни тинчлик ва ишонч жараёнини мустаҳкамлашга жалб этишга йўналтирилган «Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида» минтақавий дастурини жорий этиш таклиф қилинди.

Ўзбекистон президенти: «Тинчлик ва ишонч — умумий фаровонлик асоси»
Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов раислигида ўтган форумда Россия президенти Владимир Путин, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған, Эрон президенти Масъуд Пезешкиён, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, шунингдек, бошқа давлатлар, ҳукуматлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.