«Экологияни Ўзбекистонда муҳим масала даражасига олиб чиқдик» — Саида Мирзиёева

«Экологияни Ўзбекистонда муҳим масала даражасига олиб чиқдик» — Саида Мирзиёева

Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Кирилл Альтманнинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида давлат экологияни ҳимоя қилиш учун қандай сафарбарлик ишларини ташкил этгани ҳақида гапирди. Барқарор самарага эришиш фақат кундалик одатлар ўзгарганидагина — ҳам фуқаролар, ҳам бизнес томонидан — мумкин бўлади, деди у.

«Бу — натижаси дарҳол кўринмайдиган лойиҳалар»


Ўз масъулият доирасига кирувчи ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг самарадорлигини қандай баҳолаши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Саида Мирзиёева ташаббусларнинг аксарияти узоқ муддатли эканини қайд этди.

«Мен барча лойиҳаларимни кузатиб бораман, лекин кўп лойиҳаларим жуда узоқ муддатли. Айтайлик, таълим, тиббиёт — булар шундай лойиҳаларки, натижасини бугун ёки эртага қўл билан ушлаб, кўриб бўлмайди. Бунга йиллар керак», — деди у.

Экология соҳасидаги ташаббуслар ҳам шундай лойиҳалар сирасига киради. Пойтахтдаги ноқулай экологик вазият жамиятда йиллар давомида муҳокама қилиб келинган. Ноябрь ойи охирида президент ҳаво сифатини яхшилаш бўйича шошилинч чора-тадбирлар мажмуини тасдиқлаганди.

«Биз барча имкониятларни сафарбар қилдик. Бизга нима керак бўлса, президентдан „добро“ олдик. Ўша оқшомнинг ўзидаёқ у киши қўллаб-қувватлади. Биз шунчаки экологияни энг муҳим масалага айлантирдик, барча кучларни сафарбар этдик ва ҳаммасини қатъий назоратга олдик. Эсингизда бўлса, рейдлар ва шунга ўхшаш тадбирлар бўлди. Назаримда, буларнинг бари шундай тезкор натижаларга олиб келди».

Экология мавзусига шахсий муносабати ҳақида гапираркан, Саида Мирзиёева кундалик ҳаётдан мисол келтириб, унинг уйида ҳаво совиб кетганда ҳам иситиш тизими баландлатилмаслигини айтди.

«Мана, айни дамда ташқарида ҳаво салқин, уйларда иситиш тизимлари ишлаб турибди. Мен эса уйимни иситмаяпман… Уйимиз нимага бунча совуқ, деган саволга мен тежаш ва экологияни асраш керак, деб жавоб бераман», — деди у.

«Биз уй иссиқ бўлиши керак деб ўрганиб қолганмиз, аслида эса 21−23 даража — бу ажойиб, энг мақбул ҳарорат. Барча шифокорлар шуни тавсия қилади. Болалар ҳам чиниқади», — дея қўшимча қилди Саида Мирзиёева.

«Европада ҳамма жойда одамлар уйда қалинроқ кийиниб юради, биз эса уйда юпқа кийинишга ўрганганмиз — уй иссиқ, ҳатто қайноқ бўлиши керак… Яқинда Германияда бўлдим — у ерда йўлаклар, подъездлар умуман иситилмас экан. Ваннахоналар совуқ. Кореяда бўлдим — даҳшатли даражада совуқ, лекин маданият шунақа. Менимча, биз ҳам шу маданиятга келишимиз керак».

«Мен ўзимдан, фарзандларимдан бошладим. Бизда ҳаммаси уйимдан бошланади. Тажриба қуёнчалари. Ҳаммалари оналари ислоҳотчи эканига ўрганиб бўлган», — деди у.

«Экология — бизнес юритиш маданияти»


Экология соҳасида қабул қилинган чоралар барқарор бўлиши ва ҳаво сифати ёмонлашиши такрорланмаслиги учун нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволга жавобан Саида Мирзиёева бизнес ва тизимли ўзгаришларнинг ролини таъкидлади.

«Ҳозир бизнесга экология муҳим эканини максимал даражада ўргатяпмиз. Корхоналар фильтрлар ўрнатиши шарт. Экология муҳим. Бу — шунчаки маданият, ҳам давлат, ҳам хусусий бизнес юритиш маданияти».

Унинг айтишича, корхоналар билан ишлаш аллақачон самара бермоқда: «Биз бизнес билан — хусусий ва давлат сектори билан — бироз ишладик. Ҳамма жойда фильтр ўрнатишга мажбур қиляпмиз ва бу натижа беряпти».

«Машиналар билан боғлиқ вазият ҳам шунга ўхшаш. Халқ тушуниши керак, масъулиятни зиммасига олишни, ўзидан бошлашни ўрганиши керак… Машиналар бўйича ҳам ишлаймиз», — қўшимча қилди администрация раҳбари.

«Эсингиздами, ковид (пандемияси) пайтида экология қанақа эди? Қушлар сайрарди. Мусаффолик. Демак, буларнинг барига эришса бўлади», — деди у.

Саида Мирзиёева, шунингдек, ҳар тонг дунё мамлакатларидаги ҳаво ифлосланишини кўрсатувчи йирик IQAir сервисини текширишини маълум қилди. Кузнинг айрим кунларида Тошкент ҳаво сифати бўйича антирейтинг етакчилари қаторида бўлганди.

«Ўзгаришлар таълим орқали келади»


Бошловчининг: «Одамлар ўзига зарар бераётганини тушуниб етиши учун нега давлат худди „болға“ каби тепасида туриши керак?» деган саволига жавобан, Саида Мирзиёева асл ўзгаришлар секин-аста, вақт ўтиши билан рўй беришини айтди.

«Бу таълим орқали келади. Бу вақт билан келади. Бу — тарбия. Бу одамларнинг дунёқараши, масъулияти билан боғлиқ», — деди у ва қўшимча қилди: «Биз буни фақат болалар таълими орқали сингдира оламиз». Шу билан бирга «бугун қилишимиз мумкин бўлган ишларни биз, албатта, қиламиз».

Таълим тизимига бўлган танқидларга, жумладан, битирувчиларда ташаббускорлик ва лидерлик фикрлаши йўқлигига изоҳ бераркан, Саида Мирзиёева буни совет даври мероси билан боғлади. «Коллективлик муҳим бўлган шундай мафкура бор эди. Лидерлар, аслида, керак эмасди», — деди у. Унинг сўзларига кўра, бу муаммо ва фожиа нафақат Ўзбекистонга, балки барча постсовет мамлакатларига хосдир.

У таълим инқирози глобал масала эканини қўшимча қилди: «Менинг 20 ёшли ўғлим дунёда таълимни ислоҳ қилиш кераклигидан, у ривожланишдан орқада қолаётганидан ва бугунги кун талабларига жавоб бермаётганидан ҳар куни нолийди».

Ўзгаришлар суръати доимий равишда ўз устида ишлашни талаб қилади, деб ҳисоблайди у. «Ҳозир тараққиётдан ортда қолмаслик учун тинимсиз ўқиб-ўрганишимиз керак. Тараққиёт шиддат билан кетмоқда… Мени таълимнинг ривожланиши эмас, балки деградацияга учраётгани ташвишга солади. Дунёда шунча деградация».

Саида Мирзиёева фуқаролар шахсий муаммоларини давлат ҳал қилиб беришини кутиши нотўғри ёндашув эканини тасдиқлади: «Бундай бўлмаслиги керак». Муваффақият шахсий масъулият билан бевосита боғлиқ, деди у.

«Масъулиятни ўз зиммасига олган одамлар, албатта, муваффақиятга эришади. Агар масъулиятни бўйнингизга олиб, ўз келажагингиз ва фарзандларингиз келажаги юкини кўтарсангиз, менимча, сизда муваффақият кафолатланади», — дея таъкидлади ПА раҳбари.

Экология масалалари 2026 йилда Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлади, деди президент декабрь охиридаги мурожаатномасида. «Иқтисодиётга қанча эътибор қаратсак, экологияга ҳам шунча эътибор қаратишимиз шарт — буни ҳаётнинг ўзи тақозо қилмоқда», — деди Шавкат Мирзиёев. У иссиқхоналарни кластерларга бирлаштириш, корхоналарда экостандартларни жорий этиш, жамоат транспортини ривожлантириш, шаҳарларни кўкаламзорлаштириш, каналларни ёпиқ тизимга ўтказиш ва бошқа режаларни маълум қилган.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.