Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда, рақамли технологиялар, замонавий гаджетлар ва сунъий интеллект ҳаётимизга тобора чуқур кириб келмоқда. Бундай мураккаб шароитда инсоннинг мустақил фикрлай олиши энг катта устунлик, деди президент.
«Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади», — деди у.
Китобхонлик фақат таълим масаласи эмас, балки миллат келажаги, халқимизнинг маънавий қудрати ва мамлакат рақобатбардошлигини таъминлайдиган муҳим омилдир, дея қўшимча қилди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ёшларни китоб ўқишга жалб этиш, уларда билимга бўлган муҳаббат ва қизиқишни шакллантиришга устувор аҳамият қаратиб келаётганини эслатди. 2017 йилда «Ёш китобхон» танлови йўлга қўйилганди. «Ёш китобхон оила» танлови ҳам фаолият юритмоқда. Уларнинг ғолиблари автомобиллар билан мукофотланади. Жорий йил бошида китобхонлик фаоллигини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилди. Давлат идораларида «китоб бурчаклари» очилмоқда, ўқиш соатлари ва рейтинглар жорий этилмоқда, энг кўп китоб ўқиган ходимларга пул мукофотлари тўланади. Ўқувчилар учун моддий мукофотлар кўзда тутилган. Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда.

Тадбирнинг финал босқичи ҳар йили президент иштирокида ўтказиб борилади. Дастурнинг умумий мукофот жамғармаси 240 минг АҚШ долларини ташкил этади. Бош соврин соҳиби 50 минг доллар олади — бу Ўзбекистон тарихида китобхонликни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги энг катта мукофотдир.
«Мен ушбу дастурни шунчаки китоб ўқиш мусобақаси эмас, балки жонажон ватанимиз келажаги учун стратегик инвестиция деб биламан. Агар биз бугун болаларимизнинг қўлига яхши китоб берсак, эртага улар янги Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этишга албатта қодир бўлади», — деди давлат раҳбари.

У китоб ўқийдиган, билимга интиладиган ва юксак ғоялар билан суғорилган миллат ҳеч қачон енгилмаслигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.