Давлат раҳбари шундай деди: «Ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида ҳис қилаётган ижобий ўзгаришлар орқали давлат фаолиятига баҳо беради. Шу боис бошқарув идоралари одамларнинг муаммоларини ўз вақтида, адолатли ва тизимли ҳал этиши зарур. Ортиқча қоғозбозлик ва бюрократия ислоҳотлар самарасини пасайтириб, аҳолининг давлатга ишончини сусайтиради».
Президент Ўзбекистон «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» тамойилини илгари сурганини ва ислоҳотлар марказида инсон манфаатлари турганини эслатди.
У аҳоли ишончини қозонадиган, инсон манфаатларига хизмат қиладиган ва одамларнинг ҳаётини енгиллаштирадиган самарали давлат бошқаруви тизимини яратиш устувор вазифа бўлиб қолишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев вазирлик ва идоралар фаолиятида асосий мезон «жараён учун» эмас, балки «натижа учун» ишлаш принципи бўлиши кераклигини таъкидлади.
«Сифатли давлат бошқаруви» дастури давлат муассасалари фаолиятини холисона баҳолаш, уларнинг кучли ва заиф томонларини аниқлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратишга хизмат қилиши лозим.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ресурсларни бошқариш бўйича намунали вазирлик деб топилди. Вазирлик янги конларни қидириш ва ўзлаштириш, шунингдек, соҳани ривожлантириш учун маблағларни самарали сарфлаётгани таъкидланди. Геологик қидирув ишларида сув сарфи 20 фоизга қисқартирилди, асосий тоғ-кон ускуналарини маҳаллийлаштириш даражаси эса 84 фоизга етди.
Ички ишлар вазирлиги давлат хизматларини кўрсатишда намунали деб топилди. Вазирлик томонидан кўрсатиладиган қарийб 60 та хизматнинг 95 фоизи рақамли форматга ўтказилгани маълум қилинди. Илгари тарқоқ ҳолда ишлаган 72 та маълумотлар базаси «Хавфсиз шаҳар» ягона тизимига бирлаштирилди, унга 14 та бошқарув маркази ва 20 дан ортиқ вазирлик уланди. Ўтган йили 148 мингдан ортиқ маъмурий иш масофадан туриб кўриб чиқилди.
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Олим Омонов намунали вазир ўринбосари, Атом энергияси агентлиги директори Азим Аҳмадхўжаев — намунали агентлик директори, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Халилло Тўрахўжаев эса намунали қўмита раиси деб топилди.
Президент уларни бир поғона юқори лавозимга кўтаришни ва бошқарув кадрлари захирасига киритишни таклиф қилди. Уларнинг ўз устида мунтазам ишлаши, инновацион фикрлаши ва меҳнат фаолиятига янгича ёндашувларни жорий этиши бошқаларга ўрнак бўлиши керак, дея таъкидлади давлат раҳбари.
Келгусида яхши натижаларни кўрсатаётган органлар билан бир қаторда, самарадорлик ва хизматлар сифати бўйича ортда қолаётган ташкилотлар ҳам ошкора эълон қилинади. Бу давлат органларини ўз фаолиятини холисона баҳолашга, камчиликларни бартараф этишга ва аҳоли олдидаги масъулиятини оширишга ундаши керак.
«Сифатли давлат бошқаруви» дастури икки йилда бир марта ўтказилади. Президент матбуот хизмати хабарига кўра, кейинги босқичда ҳокимликлар ҳам иштирок этади, «чунки ислоҳотлар натижаси аввало қуйи бўғинда — туман ва шаҳарларда сезилиши керак».
Эслатиб ўтамиз, йил бошидан буён Ўзбекистон БАА билан ҳамкорликда «Бюрократияни бартараф этиш 2030» дастурини амалга оширишни бошлаган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.