Маълум қилинишича, айни пайтда мавжуд темир йўл магистрали юк ва йўловчи ташиш учун бир вақтнинг ўзида фойдаланилмоқда. Шу сабабли алоҳида юқори тезликдаги темир йўл қурилиши ҳудудлар ўртасидаги йўловчи ташиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш ва сафар вақтини қисқартириш имконини беради. Янги магистралнинг умумий узунлиги 300 километрни ташкил этиши, поездларнинг ўртача ҳаракат тезлиги 185,7 км/соатга етиши кутилмоқда. Натижада Тошкент–Самарқанд йўналишида сафар вақти тахминан 1,5 соатгача қисқаради.
Лойиҳа доирасида ҳозирда дастлабки техник-иқтисодий асоснома кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, йўловчилар оқими таҳлил қилиниб, йўналишлар шакллантирилмоқда, харажатлар ҳамда лойиҳанинг ижтимоий ва экологик таъсири баҳоланмоқда. Мутахассисларнинг баҳолашича, қурилиш ва ишга тушириш жараёни 7–10 йилни қамраб олади, юқори тезликдаги темир йўлнинг тўлиқ фаолияти эса 2030 йил бошларига мўлжалланган.
Эслатиб ўтилади, аввалроқ Туркия компанияси томонидан Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини боғловчи пуллик автомобиль йўли қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. Ушбу трассани ҳам 2030 йилга қадар ишга тушириш кўзда тутилмоқда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.