Гренландия: орол мақоми қандай шаклланган ва нима учун у ҳамон баҳсларга сабаб бўлмоқда?

Гренландия: орол мақоми қандай шаклланган ва нима учун у ҳамон баҳсларга сабаб бўлмоқда?

Гренландия мақомининг эҳтимолий ўзгариши ОАВда кўпинча АҚШ президенти Дональд Трампнинг шахсий ташаббуси сифатида талқин қилинади. Бироқ Гренландия атрофидаги баҳслар ва АҚШнинг оролга қизиқиши узоқ тарихга эга ва Оқ уйнинг турли маъмуриятлари томонидан бир неча бор кун тартибига олиб чиқилган.

Gazeta нафақат сиёсий риторика қандай ўзгаргани, балки нима учун орол мақоми масаласи ўнлаб йиллар давомида долзарб бўлиб қолаётгани ҳақида ҳикоя қилади.

Гренландия ўзи қаер?


У дунёдаги энг катта орол бўлиб, Атлантика ва Шимолий Муз океанлари билан ўралган. У ўзининг кенг тундралари ва улкан музликлари билан машҳур. Оролнинг учдан икки қисми Шимолий қутб доирасида жойлашган бўлиб, энг чекка шимолий нуқтаси Шимолий қутбдан 800 км дан камроқ масофада ер олган.

2025 йил бошига кўра, Гренландия аҳолиси 56,5 минг кишини ташкил этган.

Орол мақомининг шаклланиши


Европаликлар келишидан олдин Гренландияда инуит халқлари (эскимосларнинг аждодлари) яшаган. Уларнинг анъанавий ҳаёт тарзи овчилик, балиқчилик ва мавсумий кўчиб юришга асосланган эди. Археологларнинг фикрича, инуитлар оролда тахминан XIII асрда пайдо бўлган.

Милодий X асрда Гренландия жанубида денгизчи Эрик Торвальдсон (Қизил Эрик) томонидан скандинавияликлар манзилгоҳлари барпо этилган. XIII асрда орол расман Норвегия қироллиги таркибига киритилган ва бу унинг Скандинавия дунёсига тегишли эканини мустаҳкамлаган.

Кейинчалик Гренландия деярли 300 йил давом этган Дания-Норвегия иттифоқи томонидан бошқарилган. Бу иттифоқ парчалангач, 1814 йилдаги Киль шартномасига кўра, орол Дания ихтиёрида қолган, Норвегия эса Швеция бошқарувига ўтган.

1953 йилда Гренландия расман Дания таркибига киритилди ва мустамлака мақомидан чиқарилди. 1979 йилда орол чекланган тарздаги ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини олди, 2009 йилда эса автономия (мухторият) кенгайтирилди. Янги қонун гренландларни алоҳида халқ деб тан олди ва уларнинг халқаро ҳуқуқ асосида ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини мустаҳкамлади.

Гренландия Дания қироллигининг бир қисми сифатида НАТО масъулиятидаги ҳудудга киради. Шу билан бирга, 1985 йилда орол референдум натижаларига кўра Европа иқтисодий ҳамжамиятидан чиққан.

Копенгаген ва Гренландия жамияти ўртасидаги муносабатлар ички низолар билан кечган. XX асрнинг иккинчи ярмида оролда мажбурий кўчириш ва ижтимоий ўзгартириш дастурлари амалга оширилган.

Яна бир оғриқли нуқта — 1960−1970 йилларда гренландиялик аёлларнинг яширин равишда стеризация қилингани билан боғлиқ жанжал бўлган. 2022 йилда Дания ҳукумати бу фактни расман тан олган ва узр сўраб, товон пули тўланишини эълон қилган.

Бугунги кунда оролда мустақиллик тарафдорлари фаолдир. 2009 йилги қонун Гренландияга Дания таркибидан чиқиш бўйича референдум ўтказиш ҳуқуқини беради. Сўровномалар аҳолининг катта қисми мустақилликни қўллаб-қувватлашини, лекин бу жараён босқичма-босқич бўлиши тарафдори эканини кўрсатмоқда.

Шу билан бирга, гренландлар АҚШга қўшилишга қарши. АҚШ президенти Дональд Трампнинг оролни аннексия қилиш режалари ҳақидаги гапларига жавобан, Гренландия бош вазири Йенс-Фредерик Нильсен шундай деган: «Гренландия АҚШга тегишли бўлишни хоҳламайди. Гренландияни АҚШ бошқаришини истамайди».

АҚШнинг Гренландияга қизиқиш тарихи


Иккинчи жаҳон уруши даврида АҚШнинг Гренландияга қизиқиши кучайган. 1940 йилда Дания нацистлар Германияси томонидан босиб олинганидан сўнг Вашингтон 1941 йилда Даниянинг АҚШдаги элчиси билан келишув асосида оролни амалда ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган.

1946 йилда АҚШ президенти Гарри Трумэн маъмурияти Данияга Гренландияни 100 миллион доллар олтин эвазига сотиб олишни таклиф қилган. Дания бу таклифни рад этган, аммо бу музокаралар АҚШнинг стратегик қизиқишини тарихда муҳрлаган.

Совуқ уруш даврида Гренландия НАТО мудофаа тизимининг муҳим қисмига айланди. У ерда Туле (ҳозирги Питуффик) авиабазаси ташкил этилган.

Совуқ уруш тугагач, сотиб олиш мавзуси кун тартибидан тушганди. Аммо Дональд Трампнинг биринчи президентлик муддати даврида вазият ўзгарди. 2019 йилда у АҚШнинг Гренландияни сотиб олишдан манфаатдорлигини очиқ эълон қилди. У бу мавзуга яна 2025 йил бошида, янги президент этиб сайланганидан сўнг қайтди.

«Бизга ҳақиқатан ҳам Гренландия керак. У мудофаа учун зарур», — деди Дональд Трамп январь ойи бошида ва оролни «Россия ва Хитой кемалари билан ўралган» деб таърифлади.

Ҳозирда оролдаги Питуффик базасида 100 дан ортиқ АҚШ ҳарбийси бор. Келишувларга кўра, АҚШ Гренландияда исталган миқдорда қўшин жойлаштириш ҳуқуқига эга. Аввалроқ Дания разведкаси биринчи марта АҚШни мамлакат хавфсизлигига потенциал таҳдид деб атаганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.