Имзолаш маросимида Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасидан Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам иштирок этди. Биз ўзбекистонлик ва қозоғистонлик экспертлардан янги тузилманинг истиқболлари ҳақида фикр билдиришларини сўрадик.
Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш орқали президент Тоқаев Қозоғистонни АҚШ учун маълум маънода муҳим шерикка айлантирмоқда. Бу эса иккиламчи санкцияларга тушиш хавфисиз Хитой ва Россия билан фаол ҳамкорликни давом эттириш имконини беради. Умуман олганда, бу ҳаракат манёвр майдонини кенгайтиради, инвестициявий жозибадорликни оширади ва Остонанинг фаол халқаро иштирокчи сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди. Менимча, бу фикрлар Тошкентга ҳам тегишлидир.
Кенгашнинг узоқ истиқболдаги жозибадорлигини таҳлил қилар эканман, мен бир жиҳатга эътибор қаратган бўлардим: роппа-роса уч йилдан кейин, 2029 йилнинг январида АҚШнинг навбатдаги президенти қасамёд келтиради. Янги президент эса Тинчлик кенгаши лойиҳасини секингина тўхтатиб қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Трампнинг ўзи эса президентлик ваколатисиз бу ғояни илгари сура олмайди.
Менимча, айни воқеликда БМТга муқобил ташкилот ҳозирча йўқ. Бошқа масала шундаки, бу ташкилотнинг самарадорлигини ошириш учун уни ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш керак. Тинчлик кенгаши эса, агар Оқ уйнинг кейинги маъмурияти уни ривожлантириш, мослашувчан қилиш, ўзаро ҳамкорликнинг самарали форматларини таклиф этиш ва барча асосий иштирокчиларни жалб қилишга қарор қилмаса, БМТ ўрнини босиши амримаҳол. Ҳозирча бундай истиқбол кўринмаяпти.
Бундан ташқари, бугун давлатларнинг суверенитетга интилиши кучайгани яққол сезилмоқда. Божхона тарифлари «қамчисини» фаол силкитаётган Трамп маъмурияти бошқа давлатларни ушбу тарифларни айланиб ўтиш чораларини кўришга ундамоқда. Бунга мисол сифатида Меркосур ва Европа Иттифоқи ўртасидаги иқтисодий шартномани (умумий бозор ташкил этиш мақсадидаги эркин савдо келишуви) келтириш мумкин.
Яқин йилларда ЕИ, Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик фаоллашиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Шундай экан, маълум маънода Оқ уйнинг ҳаракатлари бошқа давлатларни, таъбир жоиз бўлса, «Америкасиз» иқтисодий ва минтақавий интеграцияни илгари суришга мажбур қилмоқда.
Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг иштирокига тўхталадиган бўлсак, менимча, мамлакатларимиз ўз ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштира олади. Бу алоқа канали аллақачон жуда яхши йўлга қўйилган. Остона ва Тошкент умумий манфаатларни илгари сурган ҳолда, ўзларининг локаль манфаатларини ҳам ҳимоя қилиб, ўзаро координация асосида иш кўрмоқда.
БМТни ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида совуқ уруш тугаганидан бери гапирилаётгани бежиз эмас ва бу мавзу ҳозиргача долзарблигини йўқотмаган. ШҲТ ёки БРИКС каби янги ҳамкорлик форматларининг пайдо бўлиши эса табиий жараёндир.
Тинчлик кенгашининг юзага келишини ҳам мен ана шу жараённинг бир қисми сифатида кўрган бўлардим. Якунда бу ғоядан нима чиқиши ҳозирча ноаниқ. Бир томондан, кенгаш унинг ваколатларини Ғазо секторини қайта тиклаш билан чеклаб қўювчи БМТ резолюцияси асосида тузилмоқда. Иккинчи томондан эса, у Вашингтоннинг ўзини у ёки бу шаклда қўллаб-қувватловчилар билан тузган анча кенг, аммо тарқоқ альянсини ифодалайди.
Айтганча, мен АҚШнинг сўзсиз етакчилигини Тинчлик кенгашининг жиддий институционал чеклови деб ҳисоблаган бўлардим. Тўғри, у кўп томонлама платформа ҳисобланади, бироқ кимни таклиф қилиш ёки кимнинг таклифини қайтариб олиш каби асосий қарорлар — худди Канада билан боғлиқ вазиятда бўлгани каби — фақат Оқ уй томонидан қабул қилинади.
Шу боис Тинчлик кенгашининг истиқболлари ҳақида бирор узоқ муддатли прогноз қилиш мураккаб. Саволлар жуда кўп: у Ғазодаги гуманитар инқирозни тартибга сола оладими, БМТ ўрнини боса оладими ёки унинг баъзи функцияларини ўз зиммасига оладими ва, умуман олганда, вазиятга қараб тузилган вақтинчалик тузилмадан узоқ муддатли лойиҳага айлана оладими?
Шундай бўлса-да, назаримда, биз бу каби ғоя ва лойиҳаларни биринчи ва охирги марта кузатаётганимиз йўқ. Бу — замонавий халқаро муносабатлар трансформацияси келтириб чиқараётган инқирозларга, шунингдек, БМТнинг роли чекланиб қолган можароларга нисбатан ўзига хос реакция.
Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ушбу ташаббусдаги иштироки ҳақида гапирганда, бунинг ўз ижобий томонлари борлигини таъкидлаган бўлардим. Агар янги формат муваффақият қозонса, Тошкент ва Остона ўзларини низомни биринчилардан бўлиб имзолаган асосчи давлатлар сифатида намоён этади. Биз каби давлатлар учун бу халқаро муносабатларга жалб этилганликнинг муҳим жиҳатидир.
Агар бу лойиҳадан узоқ муддатли натижа чиқмаса ҳам, репутация билан боғлиқ хавфлар анча паст. Шу билан бирга, бу Ўзбекистон ва Қозоғистон учун ўзларини кўрсатиш, Тинчлик кенгаши доирасида биргаликда ишлаш, ўз позицияларини мувофиқлаштириш ва бутун Марказий Осиё манфаатларини ифода этиш учун яхши имкониятдир.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.