Сўнгги йилларда соҳа барқарор ўсишни намоён этмоқда: агар 2017 йилда республикада 36 та гидроэлектростанция фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб уларнинг сони 100 тага етди, умумий қувват эса 1,6 гигаваттдан 2,4 гигаваттга ошди. Муҳим ютуқлардан бири — гидроагрегатлар ишлаб чиқарадиган “UzHydroPower” заводининг ташкил этилиши, шунингдек, фақат маҳаллий корхоналар иштирокида миллий лойиҳа модели асосида Нарин каскади ГЭСнинг биринчи босқичи амалга оширилганидир.
Шу билан бирга, гидроэнергетика салоҳиятининг катта қисми ҳали ўзлаштирилмагани, электр энергиясига бўлган талаб эса ортиб бораётгани таъкидланди. Шу муносабат билан 2026–2032 йилларга мўлжалланган 73 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг умумий қиймати 5,8 миллиард долларни ташкил этади. Бу орқали қўшимча 3,6 гигаватт қувват яратилади. Жорий йилнинг ўзидаёқ умумий қуввати 114 мегаватт бўлган 13 та янги ГЭСни ишга тушириш режалаштирилган, улар йилига 537 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва 254 та янги иш ўрни яратилади. Шу билан бирга, Бўстонлиқ туманида 20 мегаватт қувватли шамол электр станцияси қурилмоқда.
Асосий ташаббуслар қаторида 160 мегаватт қувватга эга бўлган ва йилига тахминан 161 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлай оладиган Юқори Пскем ГЭСи қурилиши, шунингдек, Фарғона вилоятидаги Сўх ГЭСи лойиҳаси қайд этилди. Юқори Тўпаланг ҳудудида ҳам катта салоҳият мавжуд бўлиб, 42 та кичик ГЭС қуриш орқали 500 мегаваттдан ортиқ қувват яратиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда илк бор умумий қуввати 1,4 гигаватт бўлган гидроаккумуляция электр станциялари, шунингдек, қарийб уч мингта кичик ва микро ГЭС қуриш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Соҳада рақамли технологиялар ва сунъий интеллект тизимларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда сув омборларида минглаб назорат-ўлчов ускуналари ўрнатилган бўлиб, келгусида тармоқни ягона рақамли бошқарув тизимини яратиш режалаштирилган.
Тақдимот доирасида Тошкент шаҳрида шаҳар муҳитини ободонлаштиришга қаратилган лойиҳалар ҳам тақдим этилди. Жумладан, соҳил ҳудудларини ривожлантириш, каналлар бўйлаб яшил ҳудудлар барпо этиш ва сунъий кўллар тармоғини шакллантириш режалаштирилган. Хусусан, Чирчиқ дарёси бўйлаб 300 гектардан ортиқ ҳудудни ободонлаштириш ҳамда янги дам олиш масканларини яратиш кўзда тутилган. Президент пойтахтда сунъий сув ҳавзаларининг сонини 12 тага етказиш вазифасини қўйиб, улар шаҳар микроклиматини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.