Президент Осиё Олимпия кенгаши бош ассамблеяси иштирокчилари билан учрашув ўтказди

Президент Осиё Олимпия кенгаши бош ассамблеяси иштирокчилари билан учрашув ўтказди

Шавкат Мирзиёев Осиё Олимпия кенгаши раҳбарияти ва ташкилот Бош ассамблеяси иштирокчиларини қабул қилди.

Учрашув аввалида Осиё Олимпия кенгашининг янги сайланган президенти Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний давлат раҳбарига Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Мамлакат етакчиси Ўзбекистонга халқаро спорт ҳаракатининг ишончли ҳамкори сифатида юксак ишонч билдирилиб, ташкилот ассамблеясини Тошкентда ўтказишга қарор қилингани учун миннатдорлик изҳор этди.

Спортни ривожлантириш “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида устувор йўналишлардан бири сифатида белгилангани таъкидланди.

Ўзбекистон халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва амалий натижаларга эришишга қаратилган қўшма дастур ҳамда ташаббусларни амалга оширишга тайёрлиги қайд этилди.

Тадбир якунида президент спортни ривожлантириш ва спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун Осиё Олимпия кенгаши бош директори, Бутунжаҳон сув спорти федерацияси президенти Ҳусайн ал-Мусалламга “Дўстлик” орденини топширди.

Аввалроқ Осиё Олимпия кенгаши президенти Шайх Жавъан ол Соний Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг “Шон-шараф” ордени билан тақдирлангани ҳақида хабар берилганди.

Тақдирлаш маросими 26-январь куни Тошкентда бўлиб ўтаётган Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош ассамблеяси доирасида бўлиб ўтган. Шайх Жавъан ол Соний олимпия ҳаракатини ривожлантириш, муҳим спорт ташаббусларини илгари суришга қўшаётган алоҳида ҳиссаси учун тақдирланган. Мукофотни президент Шавкат Мирзиёев топширган.

Манба: www.daryo.uz

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.