Томонлар дебютда тенг ўйин намойиш этишди. Хитойлик рақиб 19-юриш учун 46 дақиқа сарфлаб, ўз вақтини анча камайтириб қўйди. Синдаров эса аниқ юришларни топиб, ўз устунлигини аста-секинлик билан ошириб борди. Вей-Йи 30-юришда қўпол хатога йўл қўйгач, Жавоҳирнинг устунлиги анча ошиб кетди. Ўзбекистонлик шахматчининг пиёдаси Фарзинга чиқиши аниқ бўлгач, Вей Йи 36-юришдан кейин ўз мағлубиятини тан олди.

Эслатиб ўтамиз, Жавоҳир Синдаров жаҳон шахмат тожи учун курашиш имконини берувчи ушбу нуфузли турнирда қатнашаётган илк ўзбекистонлик шахматчи ҳисобланади. У мусобақани россиялик Андрей Есипенкони мағлуб этиш билан бошлаган эди. Кейинги турларда германиялик Маттиас Блубаум билан дуранг ўйнаган бўлса, ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанадҳа, Фабиано Каруана ва Ҳикару Накамура устидан ғалаба қозониб, мағлубиятсиз сериясини давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Синдаров 2025 йилги Жаҳон Кубоги финалида айнан Вей Йи устидан тай-брейкда ғалаба қозониб, мусобақа бош совринини қўлга киритган эди.
Маълумот учун, 2026 йилги Номзодлар турнири 29 мартдан 15 апрелга қадар Кипрда ўтказилмоқда. Унда дунёнинг энг кучли саккиз нафар гроссмейстери иштирок этмоқда. Шахматчилар икки даврада (14 тур) шахмат тожи учун кечадиган баҳсда амалдаги Жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши баҳс олиб бориш учун курашмоқда. Турнирнинг умумий соврин жамғармаси 700 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Манба: stadion.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.