Нодирбек Абдусатторов сўнгги тур доирасида нидерландиялик Йорден ван Форестга қарши оқ доналарда ўйнади. Ҳамюртимиз ғалаба учун ҳаракат қилди, аммо рақиб муносиб ҳимояланди. 44-юришдан кейин томонлар дурангга имзо чекишди.
Шу тариқа, Нодирбек Аббдусатторов турнирни 4,0 очко билан якунлади. Туркиялик ёш гроссмейстер Яғиз Каан Эрдоғмуш бугун Магнус Карлсенга ютқазиб қўйди ва у ҳам мусобақани 4,0 очко билан якунлади. Қўшимча кўрсаткичларга кўра, ўзбекистонлик спортчи рақибдан устунликка эга бўлиб, 3-ўринни банд этди.
Турнирнинг асосий босқичида ҳиндистонлик Аржун Эригаиси ва норвегиялик Магнус Карлсен 5 очко тўплашди. Ғолибни аниқлаш мақсадида улар ўртасида блиц форматида қўшимча ўйинлар ўтказилади.
Маълумот учун, ушбу турнирда кетма-кет икки йилдан буён ўзбекистонлик шахматчилар ғалаба қозонган. 2024 йилда Нодирбек Абдусатторов, 2025 йилда эса Жавоҳир Синдоров чемпионликни қўлга киритган.
Манба: stadion.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.