Airbus A320 туркумидаги ушбу самолёт дунёда энг кўп фойдаланиладиган ва ишончли ўрта масофали йўловчи лайнерлардан бири сифатида танилган. Янги ҳаво кемаси 186 нафар йўловчига мўлжалланган бўлиб, парвоз давомида юқори даражадаги қулайликни таъминлайди.
Маълум қилинишича, янги самолёт авиакомпаниянинг иш фаолияти имкониятларини кенгайтириб, асосан Яқин Шарқ мамлакатлари ҳамда МДҲ давлатларига йўналтирилган рейсларда хизмат кўрсатади.
Авиакомпания анъанасига мувофиқ, янги самолётга Ўзбекистон тарихида ва маданиятида алоҳида ўринга эга бўлган буюк шахс номи берилган. Ушбу ҳаво кемаси буюк шоир, мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номи билан аталди.
Компания асосчиси ва бош директори Абдулазиз Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, флотнинг кенгайиши авиакомпания ривожланишининг муҳим омили ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, бу жараён янги йўналишларни очиш, маршрутлар тармоғини кенгайтириш ҳамда йўловчилар учун авиақатновлардан фойдаланиш имкониятини оширишга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда Centrum Air флотида тарихий шахслар номи билан аталган бир нечта самолётлар мавжуд. Улар орасида Амир Темур, Абдулла Қодирий, Беруний ҳамда энди Алишер Навоий номли ҳаво кемалари бор.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.