Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров мусобақа пешқадами, франциялик Максим Вашье-Лагравга қарши баҳс олиб борди. Шахматчилар юришларни 3 мартадан такрорлашгач, беллашув 15-юришдаёқ дуранг билан ўз ниҳоясига етди.
3-турдан сўнг Жавоҳир 1 очко билан 8-ўринни эгаллаб турибди. 4-турда Синдоров нидерландиялик Аниш Гирига қарши оқ доналарда ўйин ўтказади.
Ўзбекистонлик шахматчи 1-турда руминиялик Богдан Даниел билан дуранг қайд этган бўлса, 2-турда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳага имкониятни бой берган.
Мазкур нуфузли мусобақада жаҳоннинг энг кучли 10 нафар гроссмейстери ғолиблик учун баҳс олиб бормоқда. Унда Жавоҳир Синдоровдан ташқари Фабиано Каруана, Аниш Гири, Винсент Кеймер, Алиреза Фирузжа, Уэсли Со, Рамешбабу Прагнандҳа, Богдан Даниел, Максим Вашье-Лаграв ва Жордан ван Форест иштирок этмоқда.
23 майга қадар давом этадиган турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларини ташкил этади.
Маълумот учун, Grand Chess Tour 2026 туркумига кирувчи халқаро турнирнинг биринчи босқичи Польша пойтахти Варшава шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда америкалик Ҳанс Ниэман чемпионликни қўлга киритган эди. Жавоҳир Синдоров эса умумий 16,5 очко билан 7-поғонани банд этган.
2026-йилги мавсум регламенти: янги қоидалар ва гранд финал
Жорий йилги Grand Chess Tour мавсуми нафақат кучли таркиби, балки қатъий тартиб-қоидалари билан ҳам ажралиб туради. Мавсум давомида жами 9 нафар асосий иштирокчи танлаб олинган. Ҳар бир ўйинчи иккита классик турнирда ҳамда мавжуд учта рапид ва блиц турнирларидан иккитасида қатнашиши шарт. Мунтазам мавсум якунига кўра энг кўп очко тўплаган кучли тўртлик декабрь ойида ўтказиладиган гранд финалга йўлланма олади. Финалнинг мукофот жамғармаси эса 450 000 АҚШ долларини ташкил этади.
Ғолиблик учун курашни қизиқарли ўтказиш мақсадида очколар қуйидагича тақсимланади:
1-ўрин: 12 очко (агар тай-брейксиз, соф ғалаба қайд этилса – 13 очко).
2-ўрин: 10 очко.
10-ўрин: 1 очко.
Ўйин давомидаги тартиб-қоидалар:
Дуранг таклиф қилиш тақиқланади: Курашувчанликни ошириш мақсадида ўйинчиларга ўзаро дуранг таклиф қилиш ёки келишиш қатъиян ман этилади. Дуранг фақат ҳакам назорати остида 3 марта такрорланиш ёки 50 та юриш қоидаси асосида қайд этилиши мумкин.
Кечикиш учун жазо: Классик ўйинда 10 дақиқа, рапид ва блицда эса 3 дақиқадан кўп кечиккан иштирокчига техник мағлубият ёзилади.
Доналарга эътиборсизлик: Агар ўйинчи дона сураётганда бошқа бирини ағдариб юборса ва уларни ўз вақтида жойига қўймаса, ҳакам томонидан огоҳлантирилади. Учинчи марта бундай ҳолат такрорланса, ўйинчи мағлуб деб топилади.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.