Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ва Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Юрий Шулейко ҳамраислигида ўтказилди. Комиссия ишида тегишли вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, савдо-саноат тузилмалари ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига Комиссиянинг аввалги йиғилиши қарорлари ва олий даражадаги келишувлар ижроси, шунингдек, ҳар икки мамлакат учун аниқ иқтисодий аҳамиятга эга бўлган йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалалари киритилди: савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, ҳудудлараро алоқалар, енгил саноат, мебель ишлаб чиқариш. Якунларига кўра Ҳукуматлараро комиссиянинг 12-йиғилиши Баённомаси имзоланди. Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссия 2001 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда (аввал 11 та йиғилиш ўтказилган, сўнггиси — 2025 йил 18 июнда Минск шаҳрида).
Йиғилишни очар экан, Жамшид Хўжаев Ўзбекистон-Беларусь ҳамкорлиги икки давлат раҳбарлари — Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенконинг ишончли сиёсий мулоқоти ва иродаси туфайли изчил мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Ушбу йиғилишнинг аҳамияти жорий йил июль ойига режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беларусь Республикасига бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этиши қайд этилди.
Йиғилиш давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликда барқарор ижобий динамика мавжудлиги қайд этилди. Икки мамлакат ўртасида эркин савдо тартиби ўрнатилган.
2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 25 фоизга ўсиб, 1 миллиард долларга яқинлашди. 2026 йил январь–март ойларида товар айирбошлаш қарийб 50 фоизга ошиб, 259,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Томонлар ўзаро етказиб беришлар номенклатурасини янада кенгайтириш, саноат кооперациясини фаоллаштириш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар қўшма ишлаб чиқаришини илгари суриш зарурлигини таъкидлади. Устувор йўналишлар қаторида электротехника, фармацевтика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги техникаси, қурилиш материаллари, тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак соҳалари белгиланди.
2026–2030 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси»ни тайёрлаш, шунингдек, 2030 йилга қадар икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказиш дастурига алоҳида эътибор қаратилди.
Саноат кооперацияси шерикликнинг асосий драйверларидан бири сифатида қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокидаги 245 та корхона фаолият юритмоқда, Беларусда эса ўзбек капитали иштирокида 110 та корхона ташкил этилган. Қўшма лойиҳаларнинг умумий портфели 341 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Йиғилиш давомида транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. 2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги юк ташиш ҳажми 796,6 минг тоннадан ортиқни ташкил этиб, 6 фоизга ошган. Томонлар барқарор транспорт йўлакларини мустаҳкамлаш ва халқаро автомобиль ташувларини янада ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади.
Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам ўзаро алоқаларнинг муҳим йўналиши бўлиб қолмоқда. 2017 йилдан буён Ўзбекистон ва Беларусь ҳудудлари ўртасида 40 дан ортиқ ўзаро ташриф амалга оширилган. Таълим, маданият, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алоқалар фаол ривожланмоқда.
Йиғилиш якунларига кўра, томонлар эришилган келишувларни ўз вақтида ижро этиш ва якуний баённоманинг барча бандлари бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканини тасдиқлади. Жамшид Хўжаев йиғилиш натижалари Ўзбекистон-Беларусь муносабатларига қўшимча туртки бериши ва кейинги амалий ишлар учун асос яратиши лозимлигини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.