Тўлиқ академик ва молиявий мустақилликка эга муассасага 2030 йилга қадар ТДТУнинг тегишли факультет ва кафедралари босқичма-босқич трансформация қилинади. Янги ўқув йилида 1 654 нафар абитуриент орасидан саралаб олинган 400 нафар талабанинг барчаси 100 фоиз давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинди. Ушбу имтиёз 2029/2030 ўқув йилигача сақланиб қолади. Таълим тўлиқ инглиз тилида олиб борилиб, дарсларни маҳаллий ва хорижлик мутахассислар саноат муҳандислиги ва менежмент, электр муҳандислиги, энергетика муҳандислиги, материалшунослик ҳамда нанотехнологиялар каби тўртта йўналиш бўйича олиб боришади.
Университет Шанхай Цзяо Тонг, Милан политехника, Бремен конструктор университетлари ҳамда “Boston Consulting Group” билан яқин ҳамкорликда ташкил этилган. Талабалар дастлабки курсларданоқ “ACWA”, “UzAuto Motors”, “Иссиқлик электр станциялари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” каби саноат гигантларида амалиёт ўтаб, кафолатланган иш ўринларига эга бўлишади.
Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва талабалар билан мулоқотда билим инсоннинг энг хавфсиз ва энг фойдали сармояси эканини таъкидлаб, “ToshTech” янги авлод муҳандисларини етиштирувчи инновацион масканга айланиши зарурлигини қайд этди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.