Самарқандда Malibu ҳайдовчиси пиёдалар ўтиш жойида саккиз нафар пиёдага йўл бермай, хавфли манёвр содир этган. Йўлни кесиб ўтаётганлар орасида болалар аравачаси билан кетаётган аёл ҳам бўлган.
Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кадрларда автомобиль юқори тезликда пиёдалар ўтиш жойига яқинлашиб, одамларни уриб кетишига сал қолгани кўринади. Пиёдалар автомобилни ўз вақтида пайқаб, тўқнашувнинг олдини олган.
Самарқанд вилояти ЙҲХБ маълумотига кўра, ҳодиса 8 сентябрь куни соат 22:20 да Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлган.
Аниқланишича, Malibu 2 ҳайдовчиси пиёдаларга йўл бермай, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ва саккиз нафар шахснинг ҳаёти ҳамда соғлиғига хавф туғдирган.
Ҳайдовчининг шахси аниқланган ва у билан профилактик суҳбат ўтказилган.
Ҳайдовчи воқеага изоҳ бериб, шошилаётгани, ҳаракат вақтида эса тормоз тизимида муаммо юзага келганини айтган. Унинг таъкидлашича, тўқнашувнинг олдини олиш учун биринчи қатнов қаторидан учинчи қаторга қайта тартибланган.
«Худога шукр, пиёдаларни уриб кетмадим. Фуқаролардан, ўша пиёдалардан ва ЙПХ ходимларидан минг бор узр сўрайман. Бундай ҳолат бошқа такрорланмайди. Қилган ишимдан афсусдаман», — деган ҳайдовчи.
Эркакка нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-10-моддаси («Йўл безорилиги») бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.