Эндиликда бу формат давлат раҳбарлари даражасига кўтарилмоқда — бу тармоқлараро мувофиқлашувдан стратегик қарорлар босқичига ўтишни англатади. Саммит ўтказиладиган кунларда, яъни 16−17 сентябрь санасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Корея Республикасига давлат ташрифи ҳам бўлиб ўтади.
Сеул учун бундай қадам Марказий Осиёнинг салмоқли стратегик ҳамкорга айланиб бораётганини кўрсатади. Янги формат мустаҳкам икки томонлама алоқаларга таянади ва шу билан бирга бутун минтақа бўйлаб ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўз навбатида, мулоқот даражасининг кўтарилиши Корея Республикаси сиёсатидаги тўсатдан юз берган ўзгариш билан боғлиқ эмас. Бу, эҳтимол, икки жараённинг уйғун келишидир: Марказий Осиёнинг ўз ичидаги трансформация ҳамда Сеулнинг минтақа билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга бўлган интилиши.
Сўнгги бир неча йил ичида Марказий Осиёда мустақиллик давридан кейинги ҳар қандай босқичга нисбатан анча катта ўзгаришлар юз берди. Минтақа давлатлари ўзаро ишончни сезиларли даражада мустаҳкамлади, сиёсий мулоқотни мунтазам йўлга қўйиб борди ва минтақавий ҳамкорликнинг амалий механизмларини шакллантирди.
Натижада Марказий Осиё тобора шунчаки бир географик ҳудуд сифатида эмас, балки умумий манфаатларни илгари сура оладиган ва янада бирлашган ҳолда ҳаракат қилувчи яхлит минтақа сифатида қабул қилинмоқда. Шу нуқтаи назардан қараганда, Сеулнинг қизиқиши кучайиб бораётгани табиий ҳолдир.
Жанубий Кореянинг иқтисодий рақобатбардошлиги нафақат технологик етакчиликка, балки таъминот занжирларининг барқарорлигига, ишлаб чиқариш тармоқларини диверсификация қилишга ҳамда ишончли ва узоқ муддатли шерикликка боғлиқ бўлиб бормоқда. Шу сабабли Сеул ўзида стратегик аҳамиятга эга ресурслар, саноат ва кадрлар салоҳияти, шунингдек, сиёсий барқарорликни уйғунлаштира оладиган ҳамкорларни изламоқда.
Бироқ Жанубий Кореянинг қизиқиши фақат хомашё топиш ва янги бозорларга чиқиш билангина чекланиб қолмайди. Унинг ёндашувидаги устунлик — биргаликда қўшилган қиймат яратишдадир: технология ва билимлар алмашинуви, кадрлар тайёрлаш, саноатни диверсификация қилиш ҳамда хавфсиз ва барқарор таъминот занжирларини йўлга қўйиш.
Марказий Осиё Сеул учун аста-секин айнан шундай ҳамкорга айланиб бормоқда. Жанубий Корея эса, ўз навбатида, минтақа давлатларига иқтисодиётни диверсификация қилишда ва глобал қиймат яратиш занжирида юқорироқ поғоналарга кўтарилишда ёрдам бера олади.
Бугунги кунда Марказий Осиё Евроосиёнинг энг истиқболли бозорларидан бирига айланмоқда. Минтақа аҳолиси 85 миллион кишидан ошди, аҳолининг ярмидан кўпи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Сўнгги йилларда Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодиёти барқарор ўсиш суръатларини намойиш этмоқда.
Ёш аҳоли қатлами, ички бозорларнинг кенгайиши ва давлатлар ўртасидаги алоқаларнинг тобора мустаҳкамланиб бориши глобал инвесторлар ва ривожланган технологик иқтисодиётга эга мамлакатларни Марказий Осиёга янгича назар билан қарашга ундамоқда.
Бу ўзгаришларда Ўзбекистон асосий ўринни эгаллайди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик ва қўшнилар билан фаол мулоқот олиб боришга қаратилган курси минтақа давлатларининг яқинлашувида ҳал қилувчи омиллардан бири бўлди. Ўзбекистонда қарийб 38 миллион киши истиқомат қилади, бу Марказий Осиё аҳолисининг тахминан ярми демакдир. Мамлакат минтақавий мулоқотни ривожлантириш, ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Ўтган саккиз йил давомида Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳам шерикликни сезиларли даражада мустаҳкамлади. Ўзаро савдо айланмаси қарийб икки баравар ошди. Ҳозирда мамлакатда корейс капитали иштирокидаги 700 га яқин корхона фаолият юритмоқда, Жанубий Кореядан жалб этилган инвестицияларнинг умумий ҳажми эса 8 миллиард доллардан ошди. Корея бизнеси энергетика, кимё саноати, машинасозлик, соғлиқни сақлаш, рақамли технологиялар ва таълим соҳаларида кенг намоён бўлмоқда.
Шу билан бирга, муносабатлар фақат иқтисодиёт билангина чекланиб қолмайди. Ўзбекистонда постсовет ҳудудидаги энг йирик корейс диаспораси истиқомат қилади — қарийб 170 минг киши. Ҳамкорликнинг узоқ муддатли хусусиятини мамлакатда Кореянинг етакчи университетлари филиаллари фаолият юритаётгани ҳам тасдиқлайди.
Корё-сарамлар — Марказий Осиёдаги этник корейслар — нафақат умумий тарихимизнинг тирик хотираси, балки икки жамиятни мустаҳкам инсоний ришталар орқали боғлаб турувчи кўприкдир. Таълим алмашинувлари ва касбий ҳаракатчанликнинг кенгайиши ушбу алоқаларни келажак авлодлар учун ҳам асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Бироқ ҳамкорликнинг аҳамияти фақат савдо, инвестициялар ва гуманитар алоқалар билангина белгиланмайди.
Марказий Осиё учун Жанубий Корея муваффақиятли модернизациянинг энг ёрқин намуналаридан биридир. Мамлакат атиги бир авлод умри давомида ривожланаётган иқтисодиётдан дунёнинг етакчи технологик марказларидан бирига айланиш йўлини босиб ўтди.
Кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётган, саноатни модернизация қилаётган ва рақамли технологияларни ўзлаштираётган минтақа учун Корея тажрибаси шунчаки ўрганиш учун намуна бўлибгина қолмай, давлат сиёсати ва институтларни ривожлантириш учун амалий ечимлар манбаига айланиши мумкин.
Шу сабабли «Корея Республикаси — Марказий Осиё» биринчи саммитининг аҳамияти бугунги кундаги кундалик дипломатик кун тартибидан анча кенгдир. Бу муносабатлар шундай етуклик босқичига етганини кўрсатадики, эндиликда олдинга силжиш учун фақатгина қўшма лойиҳалар сонини оширишнинг ўзи етарли эмас. Томонларга умумий ва узоқ муддатли стратегик нигоҳ зарур.
Агар ўтган икки ўнйиллик ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратишга сарфланган бўлса, кейинги ўнйилликда янги иқтисодий давр таҳдидларига биргаликда жавоб излаш талаб этилади. Асосий йўналишлар қаторига сунъий интеллект, рақамли трансформация, ўта муҳим минерал ресурслар, «яшил» инфратузилма, саноат кооперацияси ва инсон капиталини ривожлантириш киради.
Бўлажак саммитнинг аҳамияти нафақат унда илк бор минтақа давлатлари етакчиларининг бир жойга тўпланишида, балки аввалги институционал қолиплардан аллақачон чиқиб кетган ушбу шерикликнинг навбатдаги босқичини белгилаб олиш имконияти яратилишидадир.
Шундай экан, саммит муваффақиятини нафақат Сеулда имзоланадиган келишувлар сони билан, балки унинг давлат раҳбарлари даражасидаги мунтазам мулоқотга пойдевор бўла олиши ҳамда томонларда ҳам Марказий Осиё, ҳам Корея Республикаси учун аниқ ва ўзаро манфаатли натижаларга эга йўл харитаси шаклланиши билан баҳолаш лозим бўлади.
Кан Мён Иль, Халқаро муносабатлар ва миллий хавфсизлик институти (IFANS) директори.
Таҳририят фикри муаллифлар фикрига мос келмаслиги мумкин.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.