Ўзбекистон ТИВ Саудия Арабистонига қилинган ҳужумларни қоралади

Ўзбекистон ТИВ Саудия Арабистонига қилинган ҳужумларни қоралади

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Саудия Арабистони ҳудудига ракета ва учувчисиз учиш аппаратлари ҳужумлари муносабати билан чуқур хавотир билдирди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.

«Тинч аҳолига, фуқаролик ва энергетика инфратузилмаси объектларига қарши куч ишлатиш билан боғлиқ, шунингдек, минтақа давлатлари хавфсизлиги ва халқаро кема қатновига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракатларни кескин қоралаймиз», — дейилади баёнотда.

ТИВнинг таъкидлашича, «халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш тамойилларига қатъий риоя этилиши зарур».

Жумладан, «юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали, мулоқот ва ўзаро ҳурмат асосида амалга оширилиши лозим».

Вазирлик БМТ ва минтақа давлатларининг Яқин Шарқда кескинликни юмшатиш, можаронинг янада кенгайишининг олдини олиш ва барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари қўллаб-қувватланишини қўшимча қилди.

Дунёнинг энг йирик нефть ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Саудия Арабистони жума куни Ироқ ҳудудидан уюштирилган дрон ҳужумидан сўнг муҳим нефть қувури бўлмиш «Шарқ-Ғарб» қувурини эҳтиёт чораси сифатида ёпганини маълум қилди.

1980-йилларда — Эрон-Ироқ уруши Форс кўрфази орқали нефть экспортини бўғиб қўйган бир даврда қурилган 1201 километрли (746 миль) мазкур «Шарқ-Ғарб» қувури Арабистон яриморолини кесиб ўтиб, Саудиянинг Қизил денгиздаги Янбу портигача боради. Ушбу инфратузилма Саудия Арабистони учун Ҳурмуз бўғозини четлаб ўтиш имкониятини берувчи асосий йўл ҳисобланади.

Reuters агентлигининг кемалар ҳаракатини кузатувчи компаниялар ва таҳлилчиларга таяниб хабар беришича, мазкур Саудия қувури жаҳон нефть таъминотининг 4 фоизидан 5 фоизигача бўлган қисмини етказиб бераётганди.

Ҳеч бир гуруҳ «Шарқ-Ғарб» нефть қувурига қилинган дрон ҳужуми учун жавобгарликни расман ўз зиммасига олмади, бироқ шанба куни президент Трамп бу ҳужум ортида «катта эҳтимол билан» Эрон турганини айтди. Эрон бу даъвога изоҳ бергани йўқ.

Саудия расмийларининг маълум қилишича, дрон Теҳрон таъсири остидаги яхши қуролланган жангари гуруҳлар ўчоғига айланган ва Ироқ ҳукумати уларни назоратга олишда қийналаётган Ироқ ҳудудидан учиб келган. Шанба куни Ироқ бош вазири Али ал-Зайдийнинг офиси Ироқ чегараси бўйлаб дронлар учирилиши ҳолатлари юзасидан Эрон билан қўшма тергов ўтказишга келишиб олганини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бундан 4 кун аввал Саудия расмийлари Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийлар ҳаракати Саудия Арабистонидаги энергетика иншоотлари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаларига ўнлаб дрон ҳамда ракеталар билан ҳужум қилгани, оқибатда 73 киши жароҳатлангани ҳақида хабар берганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.