Фарғона водийси фермерлари иқлим ўзгаришига мос ечимларни далада синамоқда

Фарғона водийси фермерлари иқлим ўзгаришига мос ечимларни далада синамоқда


БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Фарғона водийсида фермерлар ва томорқа ер эгаларининг иқлим ўзгариши шароитида барқарор ишлаб чиқариш бўйича амалий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган учта Фермерлар дала мактабини ташкил этди.

Фермерлар дала мактаблари Андижон вилоятининг Қўрғонтепа, Наманган вилоятининг Наманган ҳамда Фарғона вилоятининг Фарғона туманларида фаолият юритмоқда. Ҳар бир мактаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг эҳтиёжлари ва ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ташкил этилди. Андижондаги машғулотлар картошка етиштиришга, Намангандаги мактаб ресурстежамкор иссиқхона хўжалигини юритишга, Фарғонадаги амалий йўналиш эса малина етиштиришга қаратилган.

Ташаббус ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Тошкент давлат аграр университети билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Фарғона водийсида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш учун Жануб–Жануб ва уч томонлама ҳамкорлик” лойиҳаси (UNUN/SEC/028/UND) доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа минтақавий лойиҳа ҳисобланиб, унда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсида жойлашган вилоzтлари иштирок этмоқда.

Фермерлар дала мактабида иштирокчилар тайёр тавсияларни тинглаш билан чекланиб қолмайди. Улар экинларни бутун мавсум давомида бевосита далада кузатади, мавжуд муаммоларни мутахассислар билан биргаликда таҳлил қилади, турли ечимларни амалда синаб кўради ва олинган натижалар асосида мустақил қарор қабул қилишни ўрганади. Бундай ёндашув назарий билимларни маҳаллий тупроқ, иқлим ва ишлаб чиқариш шароитларига мослаштириш имконини беради.

“Фермерлар дала мактабининг асосий устунлиги шундаки, фермер бу ерда билимнинг оддий тингловчиси эмас, балки ўқув жараёнининг фаол иштирокчисига айланади. У экинни кузатади, муаммонинг сабабини таҳлил қилади, ечимни синаб кўради ва ўз хўжалиги учун энг мақбул қарорни қабул қилади. Бу эса янги билимларнинг амалиётга тезроқ татбиқ этилишига хизмат қилади”, — деди лойиҳа координатори Муҳаммаджон Қосимов.

Қўрғонтепа туманидаги Фермер дала мактабида картошкани озиқлантириш ва парваришлаш, тупроққа ишлов бериш, ўсимликнинг ўсиш босқичларини кузатиш ҳамда касаллик ва зараркунандаларга қарши интеграциялашган кураш чоралари ўрганилди. Машғулотлар давомида фермерлар ўз далаларида учраётган муаммоларни ҳам муҳокама қилди. Жумладан, айрим уруғлик картошка туганакларининг яхши униб чиқмагани таҳлил қилиниб, бунинг эҳтимолий сабаблари ва кейинги агротехник чоралар юзасидан тавсиялар берилди.

“Аввал экинда муаммо пайдо бўлса, кўпинча унинг аниқ сабабини билмасдан туриб чора кўрар эдик. Дала мактабида эса ўсимлик ҳолатини кузатиш, тупроқ ва озиқлантириш шароитини таҳлил қилиш ҳамда шундан кейингина қарор қабул қилишни ўрганяпмиз. Энг муҳими, тавсияларни ўз майдонимизда синаб, натижасини бевосита кўряпмиз”, — деди Қўрғонтепа туманидаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси З. Сайдалиев.

Наманган туманидаги “Бешкапа” маҳалласида ташкил этилган Фермер дала мактабида иштирокчилар иссиқхона ва парникларни мавсумий экишга тайёрлаш, тупроққа қўйиладиган талаблар, дезинфекция ишлари ҳамда экинларни тўғри жойлаштириш усулларини ўрганди. Шунингдек, ҳаво ва тупроқ ҳарорати, намлик даражаси каби муҳим кўрсаткичларни мунтазам кузатиш ва қайд этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бундай маълумотлар ишлаб чиқарувчиларга сув, ўғит ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экинларни парваришлаш бўйича ўз вақтида қарор қабул қилиш имконини беради.

Фарғона тумани “Саноат” маҳалласидаги “AL-VODILIY” малиначилик кластерида ўтказилган машғулотларда эса малина етиштиришнинг асосий босқичлари қамраб олинди. Иштирокчилар ўсимликнинг озуқа моддаларига бўлган эҳтиёжини аниқлаш, ўғитлардан тўғри фойдаланиш, малинага шакл бериш ва уни буташ, касаллик ва зараркунандаларни мунтазам кузатиш бўйича амалий тавсияларга эга бўлди. Мутахассислар зараркунандаларга қарши биологик, физик ва кимёвий усулларни уйғунлаштирган ҳолда қўллаш тамойилларини ҳам тушунтирди.

Фермерлар дала мактабларидаги таълим бир марталик машғулотлар билан чекланмайди. Иштирокчилар экишдан бошлаб ҳосилни йиғиб олишгача, яъни, “уруғдан-уруғгача” бўлган даврда экинларни кузатиш, ўзгаришларни қайд этиш, натижаларни таққослаш ва янги усулларни амалда синашда давом этади. Бу жараён фермерлар, олимлар ва қишлоқ хўжалиги мутахассислари ўртасида мунтазам тажриба алмашиш учун ҳам майдон яратади.

Мазкур ёндашув фермерларга иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавфларга яхшироқ тайёрланиш, ер, сув ва бошқа ишлаб чиқариш ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда маҳаллий шароитга мос ечимларни танлашда ёрдам беради. Фермер дала мактабларида тўпланган амалий тажриба келгусида Фарғона водийсининг бошқа ҳудудларида ҳам иқлимга мослашган ва барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини кенг жорий этишга хизмат қилиши мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.