Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тугатилиб, у вазирлик таркибида бошқарма сифатида қайта ташкил этилиши мумкин.
Буни адлия вазири Русланбек Давлетов 7 февраль куни ОАВ олдидаги йиллик ҳисоботи вақтида тасдиқлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.
Унинг сўзларига кўра, ДХА бўйича ўзгаришларни вазир эмас, балки президент ҳал қилади.
«Бу президентимизнинг ғояси, президентимиз мана шуни киритди. [ДХА] 3−4 йилда яхши натижалар берди, тўғри камчиликлардан ҳоли эмас. Лекин ҳаракат қилаяпти. Бир йилда 11 млн одам шу ерга (хизмат олиш учун — таҳр.) кириб кетаяпти. Бу тизимга 2016 йилда 137 минг одам хизмат олиш учун келган. Фарқини, неча баравар ошганини кўраяпсиз-ку», — деди у.
Таъкидланишича, Адлия вазирлигининг бу борадаги таклифлари ҳали якунига етмаган.
«Бизни таклифларимиз ҳали охиригача етгани йўқ. Қандай бўлса, шундай бўлади. Балки алоҳида ташкилот бўлар, ўзи жамоатчилик агентликларни камайтиринглар деб бонг уриб ётипти. Балки камайтирармиз, лекин ҳеч қачон давлат хизматлари тизими йўқолиб кетмайди, у ривожланади, у ердаги ходимлар ҳам, хизматлар ҳам кўпаяди. [Давлат хизматларини кўрсатиш тизими] 10 йиллардан кейин жуда катта бўғимга айланади. Ҳамма электрон [хизмат]га ўтиб кетади… Шунинг учун бу соҳани ўзгартириш ёки бошқа қилишни ҳаммасини президент ҳал қилади», — деди Русланбек Давлетов.
«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси аниқлик киритишича, ДХАни тугатиб, Адлия вазирлиги таркибида алоҳида бошқарма сифатида ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Маълумот ўрнида, ДХА президентнинг 2017 йил 12 декабрдаги [ПҚ 3430-сон] қарорига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 январдаги [70-сон] қарорига кўра, бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан мустақил ҳисобланади, фақатгина вазирликка ҳисобот бериб боради.
Қолаверса, агентликда бюджетдан ташқари жамғарма ташкил этилган ва қуйидагилар ҳисобига шаклланади:
Агентлик ташкил этилган кундан 2022 йил 1 февралга қадар 40 млнга яқин давлат хизмати кўрсатиш бўйича мурожаатларни қабул қилган. Биргина, 2021 йилнинг ўзида ДХА томонидан 11 млндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.