Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) жамоаси томонидан шаҳар куни тантанали, ӯзига хос кӯтаринки руҳда нишонланди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, жамоатчилик вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди. Тадбир юқори савияда ташкил этилганлиги қатнашчилар томонидан университетнинг ташаббускор ректори профессор Юсуф Абдуллаев раҳбарлигидаги жамоанинг катта ютуғи сифатида баҳоланди.
18 октябрда Самарқанд шаҳри кунини нишонлаш анъанага айланди. 1996 йилнинг 18 октябрида, Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи нишонланган кунда Самарқанд шаҳри “Амир Темур” ордени билан тақдирланган эди. Ўшандан 18 октябрь Самарқанд шаҳри куни сифатида нишонланмоқда. Жумладан, уч йилдан буён Самарқанд халқаро технология университети томонидан ҳам ушбу байрам кенг нишонланмоқда.
Бу йилги тадбир “Silk Road Samarkand” туристик марказидаги Боқий шаҳарнинг “Буюк Самарканд” ресторанида бўлиб ўтди. Меҳмонлар дастлаб Самарқанд халқаро технология университети томонидан рус ва инглиз тилларида нашр этилган “Самарқанд: маданиятлараро мулоқот маконида шаҳар қиёфаси. Хорижий Самарқандиёна энциклопедияси” китоби асосида тайёрланган уч қисмли катта кўргазма билан танишдилар. Кўргазма мазмуман Самарқанд шаҳри қиёфасининг турли минтақалардаги инъикосини ўзида жамлаган бўлиб, “Самарқанд барча қитъаларда”, “Самарқанд Ўзбекистон ва Россия маданиятлари мулоқотида: мерос ва замонавийлик”, “Америка Самарқандиёнаси” каби мавзуларни қамраб олди.
Университет маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи, хушовоз хонанда Зулфия Рашидова маҳорат билан дилга ором бағишловчи қўшиқлар ижро этди. Айниқса, хонанданинг Самарқанд гўзаллиги ва халқимиз ғурурини акс этган “Жон Самарқанд” қўшиғи тадбир руҳига жуда мос бўлди. Шунингдек, SIUT иқтидорли талабаларидан ташкил топган “Олтин Мерос” театр-студияси аъзолари ажойиб рақсларни намойиш этди.
Тадбир давомида ўтказилган “Самарқандни қанчалик яхши биласиз?” викторинаси иштирокчиларга шаҳар тарихи ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва билимларини синаб кўриш имкониятини берди. Викторина иштирокчилари ўзаро рақобатлашиб, ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Шундан сўнг кӯпчилик кутмаган ва барча ҳозир бӯлганларни ҳайратга солган ҳолат юз берди. SIUTнинг хорижлик профессор-ўқитувчилари томонидан ўзбек эстрадаси юлдузи Науфал Муҳамедовнинг машҳур “Самарқанд” қўшиғини ижро этишлари бўлди. Профессорлар Hwang Sungdon, Kim In Tae (Жанубий Корея), Joseph Stark (АҚШ), Jimbo Claver (Камерун), Arul Kumar Natarajan (Ҳиндистон) ва Li XingCan (Хитой) қўшиқни етти тилда – ўзбек, корейс, форс, рус, инглиз, ҳинд ва хитой тилларида маромига етказиб куйладилар.
Тадбирнинг якуний қисмида Самарқанднинг бой тарихи ва университетнинг келажакка бўлган ишончини мадҳ этувчи SIUTмадҳияси талабалар, профессорлар ва университет раҳбарияти томонидан ижро этилди.
Самарқанд шаҳри кунининг ана шундай шукуҳли тарзда нишонланиши бу кўҳна кентнинг довруғи оламга ёйилганлигини, хорижликлар – турли маданият вакиллари Самарқандга қанчалик меҳр қўйганликларини намойиш этди десак, муболаға бўлмайди. SIUT жамоси бу йўлда, яъни Самарқанднинг жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини юксалтиришда ўз ўрнига эга эканлиги таҳсина сазовордир.
Тошпўлат Раҳматуллаев,
Самарқанд вилояти бўйича ўз мухбиримиз
Фото: SIUT ахборот хизмати
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.