Ўзбекистонда сув йўқотишларини қисқартириш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда
«Суғоришда сув йўқотишларини қисқартириш ва камсувликнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга кўра, мамлакатда сув ресурсларини тежаш ва ирригация инфратузилмасини модернизация қилиш мақсадида катта миқдорда маблағлар ажратилади:
- 480 млрд сўм — каналлар ва суғориш тармоқларини бетонлаштириш учун;
- 120 млрд сўм — сув танқислигининг олдини олиш чора-тадбирлари учун.
Ажратилган маблағлар сувнинг тупроққа сингиб кетиши туфайли юзага келадиган йўқотишларни сезиларли даражада камайтиришга йўналтирилади. Бу эса қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлашни яхшилаш имконини беради.
Кутилишича, мазкур чора-тадбирларни амалга ошириш сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга хизмат қилади.