Turkish Airlines билан ҳамкорлик: Берлинда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича муҳим учрашувлар ўтказилди

Turkish Airlines билан ҳамкорлик: Берлинда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича муҳим учрашувлар ўтказилди

Берлин шаҳрида бўлиб ўтган халқаро “ITB Berlin” туризм кўргазмаси доирасида Ўзбекистон делегацияси мамлакат туризм салоҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган қатор учрашувлар ўтказди. Унда Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов бошчилигидаги делегация халқаро ташкилотлар ва бизнес вакиллари билан икки томонлама музокаралар олиб борди.

Тадбир доирасида Германия Федерал ҳукумати иқтисодиёт ва туризм масалалари бўйича вакили, Бундестаг депутати Кристоф Плосс билан учрашув бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасида институционал ҳамкорликни ривожлантириш, туристик алмашинувлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда немис туристик компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Европа ҳудудидаги Турк-ислом бирлиги ташкилоти раҳбари Али Паша Акбаш билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини Европа мамлакатларидаги мусулмон жамоалари орасида кенг тарғиб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар мамлакатнинг исломий ва маданий меросини оммалаштириш, ташкилотнинг маданий марказларида Ўзбекистонга бағишланган тематик тадбирлар ва тақдимотлар ўтказиш имкониятларини муҳокама қилди. Шунингдек, Европа давлатларидан зиёрат туризми бўйича туристлар оқимини ошириш, қўшма тадбирлар ташкил этиш ҳамда ташкилот аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Ўзбекистонга пресс-турлар уюштириш юзасидан келишувга эришилди.

Turkish Airlines билан ҳамкорлик: Берлинда Ўзбекистон туризмини ривожлантириш бўйича муҳим учрашувлар ўтказилди
“Private Palace Hotels & Resorts” компанияси асосчиси ва бошқарувчи директори Жино Леонард билан бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантиришга халқаро операторларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, премиум ва курорт туризми сегментларида ҳамкорликни кенгайтириш, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги тарихий биноларни бутик-меҳмонхоналар сифатида қайта тиклаш, шунингдек wellness ва тиббий туризм йўналишларини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, “Turkish Airlines” авиакомпанияси вице-президенти Аҳмет Ҳарун Бастурк билан учрашув алоҳида аҳамият касб этди. Унда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини халқаро майдонда фаол тарғиб қилиш, мамлакатга кирувчи туристлар оқимини ошириш ҳамда авиақатновлар орқали туризмни рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар “Turkish Airlines”нинг халқаро коммуникация каналлари орқали Ўзбекистон йўналишини қўшма тарғиб қилиш, туристик бизнес билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, авиамаршрутлар тармоғини кенгайтириш ва парвозлар сонини ошириш имкониятларини кўриб чиқди. Учрашув якунида Туризм қўмитаси ва “Turkish Airlines” ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш, шунингдек Европа, АҚШ, Лотин Америкаси ва Австралия давлатларида Ўзбекистон учун устувор ҳисобланган бозорларда туроператорлар, соҳавий уюшмалар ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида роўд-шоулар ва B2B учрашувларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.