Турнир жадвалида 5,5 очко билан пешқадам бўлиб турган Нодирбек Абдусатторов охирги турда оқ доналарда америкалик Ҳанс Мок Ниманн билан баҳс олиб борди ва учрашув дуранг билан якунланди. Шу тариқа Абдусатторов 6 очко билан мусобақа ғолиблигини қўлга киритди.
Абдусатторовнинг чемпион бўлишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган ягона рақиб — нидерландиялик Жорден ван Форест кутилмаганда эронлик Парҳам Маҳсудлуга имкониятни бой берди. Ван Форест ҳатто дуранг ўйнаганида ҳам Абдусатторов турнир ғолибига айланган бўларди. Фақат унинг ғалабаси ҳолатидагина тай-брек ўйинлари ўтказилиши мумкин эди.
Сўнгги турда Нодирбек Ёқуббоев ҳам муҳим ғалабага эришди. У қора доналарда ўйнаганига қарамай, дунё рейтингида тўртинчи ўринни эгаллаб турган германиялик Винсент Кеймерга қарши партияда зафар қучди. Ёқуббоев 4,5 очко билан 6-ўринни эгаллади.
Шу тариқа, Нодирбек ушбу нуфузли мусобақада иккинчи бор чемпионликни қўлга киритди ва фестивал тарихида буни уддалаган илк шахматчига айланди.
Манба: daryo.uz
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.