Тарихий нутқ. «Ер юзида ҳаммага жой топилади» — Уинстон Черчилл

Тарихий нутқ. «Ер юзида ҳаммага жой топилади» — Уинстон Черчилл

1946 йилнинг 5 мартида Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Уинстон Черчилл Фултон шаҳарчасидаги (Миссури, АҚШ) Вестминстер коллежида минглаб тингловчилар, шу жумладан, АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Гарри Трумен ҳузурида нутқ сўзлаган. Черчилл инглиззабон халқларга қилган ушбу мурожаатномани «Тинчликнинг жон томирлари» деб атаганига қарамай, у «Темир парда нутқи» (ёки «Фултон нутқи») сифатида тарихга кирган.

«Темир парда нутқи»га 80 йил тўлиши муносабати билан Meduza эълон қилган катта материалда айтилишича, у асосан урушдан кейинги дунё тартиби ва янги глобал можаронинг олдини олиш масалаларига бағишланган. Черчилл тинчликни сақлаш учун АҚШ ва Британия ҳамдўстлигини яқин ҳамкорликка чақирган. Шунингдек, инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларнинг «алоҳида муносабатлари»ни, ҳарбий ва стратегик ҳамкорликни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти орқали чуқурлаштиришни таклиф қилган.

Ўз мурожаатида Черчилл Совет Иттифоқининг уруш тугаганидан кейин ҳам давом этаётган сиёсий-мафкуравий амбициялари ва Европадаги вазиятга алоҳида тўхталиб, Европада Шарқ ва Ғарб ўртасига «темир парда» тортилганини маълум қилган. У СССРнинг Марказий ва Шарқий Европада ўз таъсирини кучайтириш, коммунистик мафкурани тобора кўпроқ тарғиб қилиш, ҳатто куч билан ўрнатишга интилишлари юзасидан ўз хавотирларини билдирган ва ўз иттифоқчиларини ҳушёрликка чақирган.

Қисқача айтганда, бу нутқ орқали сиёсатчи БМТ доирасида СССР билан келишувлар зарурлиги, айнан Ғарб демократик давлатларининг иттифоқи совет таъсирини тийиб турувчи омилга айланиши ва янги жаҳон урушининг олдини олиши кераклигини таъкидлаган.

Уинстон Черчилл 1940 йил майдан 1945 йил июлгача Буюк Британия бош вазири бўлиб, Иккинчи жаҳон уруши йилларида мамлакатни бошқарган, лекин «Темир парда нутқи»ни сўзлаган пайтида умуман ҳукумат лавозимида эмасди. Аниқроқ айтганда, Британия сиёсатида иштирок этишда давом этаётганига қарамай, асосий қарорларни қабул қилиш ваколати энди Черчилда эмасди.

Қолаверса, унинг АҚШга ташрифи норасмий — давлат раҳбари ёки Буюк Британиянинг расмий вакили сифатида эмас, балки Вестминстер коллежи ва шахсан президент Труменнинг таклифига биноан хусусий шахс сифатида амалга оширилган. Унинг сўзлари бирор ҳукуматнинг нуқтаи назарини акс эттирмаслиги ва шахсан ўз номидан гапираётганини нутқи давомида Черчилнинг ўзи ҳам тасдиқлаган.

Шунга қарамай, унинг сўзлари халқаро сиёсатнинг янги босқичи ҳақидаги манифест сифатида қабул қилинди, СССРда кескин муносабат уйғотди ва «совуқ уруш» бошланишининг рамзларидан бирига айланди.

Сталин Черчилга очиқчасига жавоб қайтариб, унинг сўзларини «иттифоқчи давлатлар ўртасига нифоқ уруғини сочишга ва ҳамкорлигини мураккаблаштиришга мўлжалланган хавфли ҳаракат» деб атади. Бу билан кифояланмай, Черчилни Адольф Гитлер билан бир қаторга қўйди: Гитлер орий ирқининг устунлигини ёқлаган бўлса, Черчилл, Сталиннинг фикрича, инглиз тилида сўзлашувчи халқларнинг жаҳондаги ҳукмронлиги тарафдори эди.

Марказий ва Шарқий Европа мамлакатлари Москва сиёсий назорати остида экани ҳақидаги даъвога жавобан совет раҳбари 1941 йил 22 июнда немис қўшинлари СССРга Финляндия, Польша, Руминия ва Венгрия ҳудудлари орқали бостириб кирганига ишора қилиб, иттифоқнинг қўшни мамлакатларда ўзига нисбатан дўстона муносабатдаги ҳукуматларни шакллантиришга интилишини ўз-ўзини ҳимоя қилишнинг табиий чораси, деб изоҳлади.

Сталин, шунингдек, Шарқий Европа режимларига қўйилган «тоталитаризм» айбловини ҳам рад этиб, коммунистик партиялар нуфузининг ортишига Москванинг қандайдир махсус ҳаракатлари эмас, балки СССРнинг урушдаги ғалабаси сабаб бўлганини таъкидлади. Айни пайтда Ғарбнинг советларга қарши сиёсати юз берган тақдирда қаттиқ жавоб қайтарилиши билан таҳдид қилди.

Сталиннинг раддияси ва СССРнинг позициясини оқловчи баёнотларига қарамай, Черчилнинг хавотир ва чақириқлари ўринли бўлган. 1944−1945 йилларда СССР қўшинлари Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларига кириб келганди. Лекин Қизил Армия уруш тугаганидан кейин ҳам минтақани тарк этишга шошилмаётган, аксинча, асосий ҳарбий куч сифатида амалда ўз мавқеини мустаҳкамлаб, кейинги сиёсий босимлар учун замин ҳозирлаётганди.

1946 йилнинг мартида Болгария, Руминия, Чехословакия, Польша ва Венгрияда кўппартиявийлик тизими, парламентлар ва коалицион ҳукуматлар расман сақланиб қолганига қарамай, маҳаллий ҳокимият устидан барқарор совет назоратини ўрнатиш учун шарт-шароитлар яратилаётганди. Бу мамлакатларнинг барчасида совет ҳарбий маслаҳатчилари ва хавфсизлик идоралари ходимлари фаолият юритган. Нокоммунистик партиялар, касаба уюшмалари ва мустақил ташкилотлар тизимли равишда сиқиб чиқарилган ёки йўқ қилинган. 1948−1949 йилларга келиб минтақада СССРга сиёсий қарам бўлган режимлар узил-кесил шаклланган.

Бир сўз билан айтганда, Черчиллнинг Варшавадан Софиягача бўлган давлатлар совет таъсир доирасида ва тобора кўпроқ назорат остига олинмоқда, деган даъвоси кўп жиҳатдан тўғри эди. 1946 йилда бу жараён ҳали якунланмаганди, бу эса Сталинга айбловларни инкор этиш имконини берган. Бироқ воқеаларнинг кейинги ривожи советпараст тузумларни ўрнатиш сиёсати изчил ва тизимли бўлганини тасдиқлади. Айнан шу жараён Черчилл нутқида «темир парда» дея таърифланган.

Гарчи Черчилнинг нутқи дастурий давлат ҳужжати эмас, истеъфодаги сиёсатчининг оммавий чиқиши бўлса-да, у АҚШ, Буюк Британия ва СССР ўртасида Гитлерга қарши тузилган собиқ коалициянинг амалда парчаланганини қайд этган.

Meduza`нинг таъкидлашича, нутқни фақатгина СССРга қаратилган ҳужум ва англосаксларнинг бутун дунёда ҳукмронлик қилишга интилиши деб билиш нотўғри. Совет Иттифоқи 1945−1946 йиллардаги сиёсати билан ўз ниятлари борасида қўрқув ва шубҳалар пайдо бўлишига етарлича асос яратган. Сталиннинг ён беришни истамагани ва ўз сиёсатини ўтказишга уриниши дунёнинг Иккинчи жаҳон урушидан сўнг тез орада «совуқ уруш» гирдобига кириб қолишида катта роль ўйнаган.

«Темир парда» нутқи


Мен Вестминстер коллежига бугунги ташрифимдан бениҳоя хурсандман, шу билан бирга, менга илмий даража беришга қарор қилганингиздан бағоят мамнунман. «Вестминстер» номи менга бир қадар таниш. Назаримда, бу номни илгари ҳам эшитганман. Дарҳақиқат, сиёсат, диалектика, нотиқлик санъати ва яна бир қатор соҳалар бўйича таълимимнинг асосий қисмини айнан Вестминстерда (бу ўринда Черчилл бевосита Вестминстер коллежини эмас, Британия парламенти, Вестминстер сиёсий муҳитини назарда тутган — таҳр.) олганман. Аслида, сизлар ҳам, мен ҳам ҳам бир хил ёки ўхшаш, ҳар ҳолда, қардош масканларда таълим олибмиз.

Шунингдек, оддий бир меҳмонни илмий анжуманга АҚШ президентининг шахсан ўзи таништириши, эҳтимол, деярли мисли кўрилмаган шарафдир. Президент ўзи истамаган, бироқ юз ўгирмаган оғир ташвишлари, бурч ва мажбуриятларига қарамай, бугунги учрашувимизга шараф ва улуғворлик бахш этиш, менга эса бу қардош халққа, шунингдек, океан ортидаги ватандошларимга ва, эҳтимол, бошқа мамлакатларга ҳам мурожаат қилиш имкониятини бериш учун минг миль (1600 километрдан ортиқ — таҳр.) йўл босиб келди. Президентнинг айтишича, бу таҳликали ва чалкаш замонда мен ўз ҳақиқий ва самимий маслаҳатларимни бериш учун тўла эркинликка эга бўлишим унинг истагидир ва ишонаманки, бу сизнинг ҳам истагингиз.

Мен, сўзсиз, бу эркинликдан фойдаланаман ва бунга ўзимни ҳақли деб биламан, чунки ёшлигимда кўнглимга тугиб қўйган ҳар қандай шахсий орзу-истакларим мен тасаввур ҳам қилмаган даражада ушалди. Бироқ, шуни ҳам айтиб ўтишим жоизки, мен ҳеч қандай расмий миссия ёки мақомга эга эмасман ва фақат ўз номимдан нутқ сўзлаяпман. Бу ерда сиз кўриб турганингиздан бошқа ҳеч нарса йўқ.

Шу боис, мен бир умрлик тажрибамга таяниб, қуролли курашдаги мутлақ ғалабамиздан сўнг бизни қийнаётган муаммолар юзасидан мулоҳаза қилишга ва шунча қурбонликлар ва азоб-уқубатлар эвазига қўлга киритилган ютуқларни инсониятнинг келажакдаги шон-шуҳрати ва хавфсизлиги йўлида сақлаб қолиш учун бор кучим билан ҳаракат қилишга ўзимда куч топа оламан.

Айни пайтда АҚШ жаҳон қудратининг энг юқори чўққисида турибди. Бу палла Америка демократиясига жуда катта масъулият юклайди. Зеро, қудратдаги устунлик билан бирга келажак олдидаги улкан ҳисобдорлик масаласи ҳам бор. Атрофингизга назар ташлаганингизда, нафақат адо этилган бурч ҳиссини, балки эришилган ютуқлар даражасидан пастлаб кетиш хавотирини ҳам туйишингиз лозим.

Ҳозир ҳар икки мамлакатимиз учун ҳам аниқ ва ёрқин имконият мавжуд. Ундан юз ўгириш, эътиборсиз қолдириш ёки беҳуда совуриш келажак авлодларнинг узоқ давом этадиган маломатларига сабаб бўлади.

Ақлнинг собитлиги, мақсаднинг қатъийлиги ва қарорлардаги улуғвор соддалик инглиззабон халқларнинг тинчлик давридаги хатти-ҳаракатларини ҳам худди уруш давридагидек йўналтириши ва бошқариши зарур. Биз бу оғир талабга муносиб эканимизни исботлашимиз керак ва ишонаманки, исботлаймиз ҳам.

Америкалик ҳарбийлар бирор жиддий вазиятга дуч келганда, ўз йўриқномаларининг сарлавҳасига «Умумий стратегик концепция» деган сўзларни ёзишга одатланганлар. Бунда ҳикмат бор, чунки бу фикр тиниқлигига олиб келади. Хўш, бугун биз ёзишимиз керак бўлган умумий стратегик концепция нимадан иборат? Бу — барча ўлкалардаги жамики эркагу аёлларнинг, барча хонадонлар ва оилаларнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги, эркинлиги ва тараққиётидан бошқа нарса эмас.

Ва мен бу ерда, айниқса, маош эвазига кун кечирувчи кишиларнинг ҳаётнинг тасодиф ва машаққатларига қарши курашиб, аёли ва фарзандларини муҳтожликдан асрашга, оиласини Яратгандан қўрқиш руҳида ёки кўпинча ўзининг кучли таъсирини кўрсатувчи ахлоқий тушунчалар асосида тарбиялашга интиладиган сон-саноқсиз хонадонлари ҳақида сўз юритяпман. Бу сон-саноқсиз хонадонларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун уларни икки қақшатқич талончи — уруш ва зулмдан ҳимоя қилиш лозим.

Боқувчи ва унинг қарамоғидаги инсонлар бошига уруш лаънати тушганда, оддий бир оила қай даражада даҳшатли нотинчликларга дучор бўлишини ҳаммамиз биламиз. Европанинг бутун шон-шуҳрати сўниб, даҳшатли харобага айлангани, Осиёнинг катта қисмларидаги вайронагарчиликлар кўз олдимизда гавдаланади. Ёвуз кимсаларнинг режалари ёки қудратли давлатларнинг тажовузкорона интилишлари улкан ҳудудларда маданий жамият асосларини барбод қилганда, камтарин халқлар ўзлари енга олмайдиган қийинчиликларга дуч келади. Улар учун ҳамма нарса остин-устун бўлади, ҳамма нарса издан чиқади, ҳатто эзилиб, тупроққа қоришади.

Бугун, мана шу осойишта кунда, шу ерда туриб, ҳозир миллионлаб одамлар нималарни бошдан кечираётгани ва ер юзида очарчилик ҳукм сураётган бу даврда яна нималар бўлишини тасаввур қилар эканман, даҳшатдан титраб кетаман. «Инсоният чеккан азобларнинг ҳисоб-китоб қилинмаган йиғиндиси»ни ўлчашга ҳеч ким қодир эмас. Бизнинг олий вазифамиз ва бурчимиз — оддий инсонлар хонадонларини бошқа бир уруш даҳшатлари ва кулфатларидан асрашдир. Бу борада ҳаммамиз якдилмиз.

Америкалик ҳарбий ҳамкасбларимиз «умумий стратегик концепция»ларини эълон қилиб, мавжуд ресурсларни ҳисоблаб чиққач, доимо кейинги босқичга — яъни «услуб»га ўтадилар. Бу борада ҳам кенг миқёсда якдиллик мавжуд. Урушнинг олдини олишдек асосий мақсад йўлида жаҳон ташкилоти аллақачон тузилган. АҚШнинг том маънодаги ҳал қилувчи иштироки билан Миллатлар Лигасининг вориси бўлган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти аллақачон ўз фаолиятини бошлаган.

Биз унинг фаолияти самарали бўлишига, бу шунчаки чўпчак эмас, балки ҳақиқат эканига; сафсатабозлик эмас, балки амалий куч эканига; Бобил минорасидаги жанггоҳ эмас, балки кун келиб кўплаб миллатларнинг қалқонлари илинадиган чинакам тинчлик ибодатхонаси эканига ишонч ҳосил қилишимиз керак.

Ўзимизни ҳимоя қилиш учун миллий қуролланишдек мустаҳкам кафолатлардан воз кечишдан аввал, бу ибодатхонамиз қўзғалувчан қум ёки ботқоқлик устига эмас, балки мустаҳкам қоя устига қурилганига амин бўлишимиз даркор. Йўлимиз машаққатли ва айни дамда узоқ бўлишини ҳар бир ҳушёр инсон кўриб турибди, лекин жаҳон урушлари оралиғидаги каби эмас, балки, жаҳон урушларидаги каби биргаликда сабот кўрсатсак, пировардида умумий мақсадимизга эришишимизга шубҳа қилмайман.

Амалга ошириш учун менда аниқ ва амалий бир таклиф бор. Судлар тузилиши, судьялар тайинланиши мумкин, аммо шерифлар ва тартиб посбонлари бўлмаса, улар фаолият юрита олмайди. БМТни зудлик билан халқаро қуролли кучлар билан таъминлашни бошлаш керак.

Бундай масалада биз фақат қадамма-қадам илгарилашимиз мумкин, бироқ ишни ҳозирдан бошлашимиз шарт. Мен ҳар бир давлат ва мамлакатни Жаҳон ташкилоти хизматига маълум миқдордаги ҳаво эскадронларини ажратишга даъват этишни таклиф қиламан. Бу эскадронлар ўз мамлакатларида машқ қилиб, тайёргарлик кўради, лекин бир мамлакатдан иккинчисига навбатма-навбат кўчиб юради. Улар ўз юртларининг ҳарбий кийимини кияди, лекин фарқли нишонлар билан.

Улардан ўз миллатига қарши ҳаракат қилиш талаб этилмайди, лекин бошқа масалаларда улар Жаҳон ташкилоти томонидан бошқарилади. Бу ишни камтарона кўламда бошлаб, ишонч ортиб боргани сайин кенгайтириш мумкин. Мен Биринчи жаҳон урушидан сўнг шундай бўлишини истаган эдим ва бунинг тез фурсатда амалга ошишига чин дилдан умид қиламан.

Шунга қарамай, ҳозирда АҚШ, Буюк Британия ва Канада эгалик қилаётган атом бомбасига оид махфий билим ва тажрибани ҳали гўдак бўлган Жаҳон Ташкилотига ишониб топшириш нотўғри ва эҳтиётсизлик бўларди. Уни ҳали ҳам нотинч ва бирлашмаган бу дунёнинг ихтиёрига ташлаб қўйиш жиноий телбалик билан баробардир. Бу билим, уни қўллаш усули ва хомашёси ҳозирда асосан Америка қўлида сақланаётгани учун ҳеч бир мамлакатда ҳеч кимнинг уйқуси бузилгани йўқ.

Агар вазият аксинча бўлиб, қайсидир коммунистик ёки неофашистик давлат бу даҳшатли воситаларни ўз монополиясига олганида, барчамиз бунчалик хотиржам ухлаган бўлардик, деб ўйламайман. Айнан шу қўрқувнинг ўзиёқ эркин демократик дунёга тоталитар тузумларни мажбурлаб ўрнатиш учун осонликча қўлланиши мумкин эди ва бунинг оқибатлари инсон тасаввурига сиғмайдиган даражада даҳшатли бўларди.

Яратганнинг иродаси билан бу содир бўлмади ва биз бу хавфга рўбарў келишдан олдин ўз уйимизни тартибга солиб олиш учун ҳеч бўлмаганда нафас ростлаб олиш имконига эгамиз. Шунда ҳам, агар бор кучимизни аямайдиган бўлсак, бошқаларнинг уни қўллаши ёки қўллаш билан таҳдид қилишига қарши самарали тўсиқ қўядиган даражада улкан устунликка эга бўлишимиз мумкин.

Ниҳоят, инсониятнинг асл биродарлиги амалда ўз ифодасини топиб, уни самарали қилиш учун барча зарур амалий кафолатларга эга бўлган жаҳон ташкилотида мужассамлашганида, бу ваколатлар табиий равишда ўша жаҳон ташкилотига ишониб топширилади.

Энди мен ушбу икки талончининг камтарона уйларда кун кўрувчи оддий инсонларга таҳдид солаётган иккинчи хавфи — яъни зулм хусусида сўз юритаман. Британия Империяси ҳудудидаги оддий фуқаролар баҳраманд бўлган эркинликлар кўплаб мамлакатларда, жумладан, анча қудратли давлатларда ҳам амал қилмаслигига кўз юма олмаймиз.

Бундай давлатларда оддий халқ устидан назорат ҳар қандай демократия тамойилига зид ва чидаб бўлмас даражада, турли-туман, кенг қамровли полициячи ҳукуматлар томонидан ўрнатилади. Давлат ҳокимияти ё диктаторлар, ё имтиёзли партия ва сиёсий полиция орқали иш юритувчи ихчам олигархиялар томонидан ҳеч бир чекловсиз амалга оширилади. Ҳозирги каби қийинчиликлар кўп бўлган бир пайтда, биз урушда мағлуб этмаган мамлакатларнинг ички ишларига куч билан аралашишимиз бурчимиз эмас.

Бироқ биз инглиззабон дунёнинг умумий мероси бўлган ҳамда «Буюк эркинликлар хартияси» (Magna Carta), «Ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун» (Bill of Rights), «Хабеас корпус» (Habeas Corpus), ҳакамлар ҳайъати суди ва Англия умумий ҳуқуқи орқали ўзининг энг ёрқин ифодасини Америка Мустақиллик декларациясида топган озодлик ва инсон ҳуқуқларининг буюк тамойилларини жасорат билан баралла айтишдан ҳеч қачон тўхтамаслигимиз керак.

Буларнинг барчаси шуни англатадики, ҳар қандай мамлакат халқи конституциявий ҳаракатлар, яширин овоз бериш асосидаги эркин ва тўсиқларсиз сайловлар орқали ўзи яшаётган ҳукуматнинг табиатини ёки шаклини танлаш ёхуд ўзгартириш ҳуқуқига эга ва шундай имкониятга эга бўлиши лозим; сўз ва фикр эркинлиги ҳукм сурмоғи даркор; ижро ҳокимиятидан мустақил, бирор партияга ён босмайдиган адолат судлари кенг омма томонидан маъқулланган ёки замон ва анъаналар билан муқаддаслаштирилган қонунларни татбиқ этиши керак. Мана булар ҳар бир хонадонда бўлиши зарур бўлган озодликнинг асос ҳужжатларидир. Бу — Британия ва Америка халқларининг инсониятга йўллаган мурожаатидир. Келинг, ўзимиз амал қиладиган нарсани тарғиб қилайлик, ўзимиз тарғиб қиладиган нарсага амал қилайлик.

Мен ҳозиргина халқ хонадонларига таҳдид солаётган икки улкан хавф: Уруш ва Зулмни айтиб ўтдим. Кўп ҳолларда асосий хавотир бўлиб турган қашшоқлик ва маҳрумликлар ҳақида ҳали гапирганим йўқ. Бироқ, агар уруш ва зулм хавфи бартараф этилса, илм-фан ва ҳамкорлик ортидан яқин бир неча йил ичида, урушнинг аччиқ мактабида олинган янги сабоқлар билан эса кейинги бир неча ўн йилликда дунёда моддий фаровонлик инсоният тажрибасида ҳали кузатилмаган даражада юксалишига шубҳа йўқ.

Ҳозир, мана шу мунгли ва таҳликали бир паллада, биз улкан курашимиздан қолган очлик ва машаққатлар гирдобидамиз; лекин бу ўткинчи, тез фурсатда ўтиб кетиши мумкин, агар инсоний аҳмоқлик ёки ғайриинсоний жиноятлар тўсқинлик қилмаса, барча миллатларнинг фаровонлик даврига қадам қўйиши ва ундан баҳраманд бўлишига ҳеч қандай монелик йўқ. Мен эллик йил аввал дўстим, буюк ирланд-америкалик нотиқ жаноб Бурк Кокрандан ўрганган сўзларни кўп ишлатаман: «Неъмат ҳаммага етарли. Ер саховатли онадир; агар фарзандлари унинг заминига адолат ва тинчликда ишлов берсалар, у барчани мўл-кўл озуқа билан таъминлайди».

Шу кунгача биз бу борада тўлиқ ҳамфикрмиз, деб ўйлайман. Энди, умумий стратегик концепциямизни амалга ошириш йўлида давом этар эканман, бу ерга келиб айтмоқчи бўлган гапларимнинг мағзига ўтаман.

Мен инглиззабон халқларнинг биродарлик иттифоқи деб атаган нарсасиз урушнинг ишончли олдини олишга ҳам, жаҳон миқёсидаги тузилмаларнинг муттасил юксалишига ҳам эришиб бўлмайди. Бу Британия Ҳамдўстлиги ва Империяси билан АҚШ ўртасидаги алоҳида муносабатларни англатади. Ҳозир умумий гапларга ўрин йўқ, шу боис аниқроқ гапиришга журъат этаман.

Биродарлик иттифоқи жамиятимизнинг бу икки улкан, айни пайтда қардош тизимлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувнинг ортиб боришинигина эмас, балки ҳарбий маслаҳатчиларимиз ўртасидаги яқин алоқаларнинг давом этишини, эҳтимолий хавфларни биргаликда ўрганишни, қурол-яроғ ва йўриқномаларнинг бир хиллаштирилишини ҳамда техника коллежларида офицер ва курсантлар алмашинувини тақозо этади. У ўзаро хавфсизликни таъминлаш мақсадида ҳар икки мамлакат тасарруфидаги дунёнинг барча нуқталарида жойлашган Ҳарбий-денгиз ва Ҳарбий-ҳаво кучлари базаларидан биргаликда фойдаланишдек мавжуд имкониятларнинг давом этишини ҳам ўз ичига олиши керак. Бу, эҳтимол, Америка Ҳарбий-денгиз флоти ва Ҳарбий-ҳаво кучларининг ҳаракатчанлигини икки баробарга оширган бўларди.

Бу Британия Империяси кучларининг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради ва агар дунёда вазият барқарорлашса, катта молиявий тежамкорликка олиб келиши ҳам мумкин. Биз ҳозирнинг ўзида кўплаб ороллардан биргаликда фойдаланмоқдамиз; яқин келажакда янада кўпроғи умумий васийлигимизга ишониб топширилиши эҳтимолдан холи эмас.

АҚШнинг Британия Ҳамдўстлиги ва Империясига садоқатли бўлган Канада Доминиони билан аллақачон Доимий мудофаа тўғрисидаги келишуви мавжуд. Бу Келишув кўпинча расмий иттифоқлар доирасида тузилган кўплаб шартномалардан анча самаралироқдир.

Ушбу тамойил тўлиқ ўзаро манфаатдорлик асосида бутун Британия Ҳамдўстлигига нисбатан қўлланиши керак. Шундагина ва фақат шундагина, нима бўлишидан қатъи назар, биз ўзимизни хавфсиз ҳис қиламиз ҳамда ўзимиз учун азиз бўлган ва ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмайдиган олий ва оддий мақсадлар йўлида биргаликда ҳаракат қила оламиз. Охир-оқибат умумий фуқаролик тамойили юзага келиши мумкин — ва мен ишонаманки, юзага келади — бироқ буни тақдирнинг ўзига қўйиб беришга рози бўлишимиз мумкин, зеро кўпчилигимиз унинг чўзилган қўлини аллақачон аниқ кўриб турибмиз.

Бироқ ўзимизга беришимиз керак бўлган муҳим бир савол бор. АҚШ ва Британия Ҳамдўстлиги ўртасидаги махсус муносабатлар бизнинг Жаҳон Ташкилоти олдидаги устувор садоқатимизга зид келмайдими? Мен бунга жавобан айтаманки, аксинча, бу ўша ташкилот ўзининг тўлақонли мавқеи ва қудратига эришишининг ягона йўли бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Юқорида айтиб ўтганимдек, АҚШнинг Канада билан махсус муносабатлари, шунингдек, АҚШ ва Жанубий Америка Республикалари ўртасидаги алоқалар мавжуд. Биз, британияликлар, Совет Россияси билан Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида йигирма йиллик шартномага эгамиз.

Мен Буюк Британия Ташқи ишлар вазири жаноб Бевиннинг бу шартнома, агар бизга боғлиқ бўлса, эллик йиллик бўлиши ҳам мумкин, деган фикрига қўшиламан. Биз ўзаро ёрдам ва ҳамкорликдан бошқа нарсани мақсад қилмаймиз. Британияликларнинг Португалия билан 1384 йилдан бери узилмаган иттифоқи бор ва бу иттифоқ ўтган урушнинг ҳал қилувчи дақиқаларида самарали натижалар берган. Буларнинг ҳеч бири жаҳон келишуви ёки жаҳон ташкилотининг умумий манфаатларига зид келмайди, аксинча, бунга ёрдам беради. Ер юзида ҳаммага жой топилади.

БМТнинг бирор-бир мамлакатга қарши тажовузкор нияти бўлмаган, БМТ низомига зид режалар тузмайдиган аъзолари ўртасидаги махсус иттифоқлар зарарли бўлиш у ёқда турсин, аксинча, фойдали ва, менимча, зарурдир.

Мен юқорида Тинчлик ибодатхонаси ҳақида гапирдим. Бу ибодатхонани барча мамлакатлардан келган қурувчилар бунёд этиши лозим. Агар қурувчилардан иккитаси бир-бирини жуда яхши билса ва қадрдон дўст бўлса, агар уларнинг оилалари ўзаро қуда-анда бўлса ва агар уларда — шу кунларда шу ерда ўқиганим бир гўзал иборани келтирсам — «бир-бирининг мақсадига ишонч, бир-бирининг келажагига умид ва бир-бирининг камчиликларига нисбатан бағрикенглик» бўлса, нега улар дўсту биродар сифатида умумий вазифани биргаликда бажара олмас эканлар? Нега улар ўз иш қуролларини баҳам кўриб, шу тариқа бир-бирларининг меҳнат унумдорлигини ошира олмас эканлар?

Дарҳақиқат, улар шундай қилишлари шарт, акс ҳолда ибодатхона қурилмай қолиши ёки қурилган тақдирда ҳам қулаши мумкин ва биз ҳаммамиз яна бир бор сабоқ олмаганимизни исботлаб, ҳозиргина халос бўлганимиздан кўра анча шафқатсизроқ бўлган уруш мактабига учинчи бор таълим олишга боришимизга тўғри келади. Зулмат даврлар, Тош даври илм-фаннинг ялтироқ қанотларида остида қайтиб келиши ва ҳозирда инсониятга беҳисоб моддий неъматлар ёғдириши мумкин бўлган нарса унинг бутунлай йўқ бўлишига ҳам олиб келиши мумкин.

Огоҳ бўлинг дейман, вақт зиқ бўлиши мумкин. Воқеаларнинг ўз ҳолича ривожланишига ва кеч бўлишига йўл қўймайлик. Агар мен тасвирлаган каби биродарлик иттифоқи, ҳар икки мамлакатимиз ундан оладиган барча қўшимча куч ва хавфсизлик билан бирга вужудга келадиган бўлса, келинг, бу буюк ҳақиқат дунёга аён бўлишини ҳамда тинчлик пойдеворини мустаҳкамлаш ва барқарорлаштиришда ўз ҳиссасини қўшишини таъминлайлик. Бу оқилона йўл. Касалликни даволагандан кўра, унинг олдини олган яхши.

Яқиндагина Иттифоқчилар ғалабаси билан ёришган саҳналарга соя тушди. Совет Россияси ва унинг халқаро коммунистик ташкилоти яқин келажакда нима қилмоқчи эканини ёки уларнинг кенгайиш ва ўз ғояларини сингдиришга уринишларининг, агар бўлса, чегараси қаерда эканини ҳеч ким билмайди. Мен довюрак рус халқига ва урушдаги сафдошим Маршал Сталинга катта ҳурмат ва эҳтиром билан қарайман. Британияда — ва ишончим комилки, бу ерда ҳам — бутун рус халқларига нисбатан чуқур ҳамдардлик ва эзгу ният бор ҳамда мустаҳкам дўстликни ўрнатиш йўлида кўплаб келишмовчиликлар ва рад этишларга қарамай, қатъият билан давом этиш истаги мавжуд. Биз Россиянинг ўз ғарбий чегараларида Германия тажовузининг ҳар қандай эҳтимолини бартараф этиш орқали хавфсизликни таъминлашга бўлган эҳтиёжини тушунамиз.

Биз Россиянинг дунёнинг етакчи давлатлари қаторидан ўзининг ҳақли ўрнини эгаллаганини олқишлаймиз. Унинг денгизларда ўз байроғини тикканини хуш қарши оламиз. Энг асосийси, биз рус халқи ва Атлантика океанининг ҳар икки томонидаги халқларимиз ўртасида доимий, тез-тез ва тобора кенгайиб бораётган алоқаларни хуш қаршилаймиз. Бироқ, менинг бурчим Европадаги ҳозирги вазият ҳақидаги айрим фактларни сизнинг эътиборингизга ҳавола этишдир. Ишончим комилки, сиз ҳам мендан воқеликни қандай кўраётган бўлсам, шундай баён этишимни истайсиз.

Болтиқбўйидаги Шециндан Адриатикадаги Триестгача бутун қитъа узра темир парда туширилди. Марказий ва Шарқий Европа қадимий давлатларининг барча пойтахтлари шу чизиқ ортида қолиб кетди. Варшава, Берлин, Прага, Вена, Будапешт, Бельград, Бухарест ва София — бу машҳур шаҳарларнинг барчаси ҳамда уларнинг атрофидаги аҳоли, мен совет таъсир доираси деб аташим лозим бўлган ҳудудда жойлашган. Уларнинг ҳаммаси у ёки бу шаклда нафақат совет таъсирига, балки Москва томонидан ўрнатилган ўта кучли ва кўп ҳолларда яна ҳам кучайиб бораётган назоратга бўйсунади.

Фақатгина Афина — ўзининг ўлмас шуҳратига эга Греция — Британия, Америка ва Франция кузатуви остида ўтказиладиган сайлов орқали ўз келажагини ўзи ҳал қилиш эркинлигига эга. Россия ҳукмронлигидаги Польша ҳукумати Германияга кенг кўламли ва ноқонуний босқинлар уюштиришга ундалди ва ҳозирда миллионлаб немисларни оммавий равишда, мисли кўрилмаган ва даҳшатли миқёсда кўчириш ишлари амалга оширилмоқда. Европанинг барча шарқий давлатларида жуда кичик бўлган коммунистик партиялар ўз сонидан анча юқори мавқе ва қудратга эриштирилди ҳамда ҳамма ерда тоталитар назоратни қўлга киритишга интилмоқда.

Деярли ҳар бир давлатда полиция ҳукуматлари устунлик қилмоқда ва ҳозиргача, Чехословакияни истисно қилганда, ҳеч бирида чинакам демократия мавжуд эмас. Туркия ва Эрон ўзларига қўйилаётган даъволардан ҳам, Москва ҳукумати томонидан кўрсатилаётган босимдан ҳам чуқур хавотирда ва ташвишда. Руслар Берлинда сўлчи немис лидерлари гуруҳларига алоҳида имтиёзлар кўрсатиш орқали ўзларининг истило зонасида ярим-коммунистик партия тузишга уринмоқда.

Ўтган йилнинг июнь ойида жанговар ҳаракатлар якунлангач, Америка ва Британия қўшинлари, илгари тузилган келишувга мувофиқ, ғарбга томон, қарийб тўрт юз миль узунликдаги фронтнинг айрим нуқталарида 150 миль чуқурликкача чекинди. Бу рус иттифоқчиларимизга Ғарб демократиялари забт этган ушбу улкан ҳудудни эгаллашига имкон бериш учун қилинган эди.

Агар энди Совет ҳукумати алоҳида ҳаракатлар билан Германия ҳудудларида коммунизмга мойил ҳукумат қуришга уринса, бу Британия ва Америка зоналарида янги жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаради ҳамда мағлуб немисларга ўзларини Советлар ва Ғарб демократиялари ўртасидаги кимошди савдосига қўйиш имкониятини беради. Бу фактлардан қандай хулоса чиқарилишидан қатъи назар, бу, шубҳасиз, биз қуриш учун курашган Озод Европа эмас ва булар ҳақиқатдан ҳам фактлардир. Шунингдек, у доимий тинчликнинг асосий шартларини ўзида мужассам этмайди.

Дунё хавфсизлиги Европада янги бирликни тақозо этади ва ундан ҳеч бир миллат бутунлай четлатилмаслиги керак. Биз гувоҳ бўлган ёки ўтмишда юз берган жаҳон урушлари Европадаги қудратли асосчи ирқларнинг ўзаро низоларидан келиб чиққан.

Биз ўз ҳаётимиз давомида икки бор АҚШнинг ўз хоҳиш-истаклари ва анъаналарига зид равишда, англаб бўлмас даражада кучли далилларга қарамай, енгиб бўлмас кучлар таъсирида бу урушларга жалб қилинганига гувоҳ бўлдик. Улар эзгу мақсад ғалабасини таъминлаш учун ўз вақтида етиб келди, бироқ бу даҳшатли қирғин ва вайронагарчиликлар юз бериб бўлганидан кейин содир бўлди.

АҚШ икки марта урушни топиш учун миллионлаб йигитларини Атлантика океани орқали жўнатишга мажбур бўлди; лекин энди урушнинг ўзи ҳар қандай халқни, у қаерда яшашидан қатъи назар, кўз очиб юмгунча топиб бориши мумкин. Шубҳасиз, биз БМТ тузилмаси доирасида ва ўз низомимизга мувофиқ равишда, Европада буюк тинчлик ўрнатиш учун онгли мақсад билан ҳаракат қилишимиз керак. Бу, менимча, ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган очиқ сиёсий вазифадир.

Европани кесиб ўтган темир парда олдида хавотир учун бошқа сабаблар ҳам бор. Италияда коммунистик партия жиддий тўсиқларга учрамоқда, чунки коммунистлар томонидан тарбияланган Маршал Титонинг Адриатика бошидаги собиқ Италия ҳудудига бўлган даъволарини қўллаб-қувватлашга мажбур бўлмоқда. Шунга қарамай, Италиянинг келажаги қил устида турибди.

Шунингдек, қайта тикланган Европани қудратли Франциясиз тасаввур этиб бўлмайди. Мен бутун жамоатчилик фаолиятим давомида кучли Франция учун ҳаракат қилдим ва энг қоронғи кунларда ҳам унинг тақдирига бўлган ишончимни ҳеч қачон йўқотмадим. Ҳозир ҳам ишончимни йўқотмайман. Бироқ Россия чегараларидан йироқдаги кўплаб мамлакатларда ва бутун дунё бўйлаб коммунистик «бешинчи колонна»лар тузилган бўлиб, улар коммунистик марказдан олган кўрсатмаларга тўлиқ бирдамлик ва мутлақ итоаткорлик билан амал қилади. Коммунизм ҳали бошланғич босқичда бўлган Британия Ҳамдўстлиги ва АҚШни истисно қилганда, коммунистик партиялар ёки «бешинчи колонна»лар насроний цивилизацияси учун тобора кучайиб бораётган муаммо ва хавфга айланмоқда.

Улуғвор қуролдошлик ҳамжиҳатлиги билан ҳамда озодлик ва демократия йўлида қозонилган ғалабанинг эртасига айтилаётгани ҳисобга олинса, булар жуда қайғули ҳақиқатлар. Лекин ҳали вақт бор экан, уларга тик боқмаслик катта ақлсизлик бўларди.

Узоқ Шарқда, айниқса, Манжурияда ҳам вазият хавотирли. Мен иштирок этган Ялта келишуви Совет Россияси учун жуда фойдали эди. Лекин у Германия билан уруш 1945 йилнинг ёзи ва кузигача давом этиши мумкинлигини ҳеч ким айта олмайдиган бир пайтда, Япония билан уруш эса Германия билан уруш тугаганидан сўнг яна 18 ой давом этиши кутилаётган бир вақтда тузилган. Бу мамлакатда сизларнинг барчангиз Узоқ Шарқ ҳақида шу қадар яхши хабардорсиз ва Хитойнинг шундай фидойи дўстларисизки, у ердаги вазият ҳақида батафсил тўхталиб ўтиришимга ҳожат йўқ.

Мен Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам дунё узра соя солаётган пардани тасвирлашни ўз бурчим деб билдим. Мен Версал шартномаси тузилган пайтда вазир бўлганман ва Версалдаги Британия делегациясига раҳбарлик қилган жаноб Ллойд-Жоржнинг яқин дўсти эдим. Ўшанда қилинган ишларнинг кўпига қўшилмаган бўлсам-да, ўша вазият хотирамда жуда кучли таассурот қолдирган ва уни ҳозирги ҳолат билан солиштириш мен учун оғриқлидир. Ўша кунларда урушлар тугаганига, Миллатлар Лигаси эса қудратли кучга айланишига катта умид ва чексиз ишонч бор эди.

Ҳозирги ҳолдан тойган дунёда мен ўша ишончни ҳам, ҳатто ўша умидларни ҳам кўрмаяпман ва ҳис қилмаяпман.

Бошқа томондан, мен янги уруш муқаррар, ундан-да ёмони, у яқин орада содир бўлади деган фикрдан йироқман. Тақдиримиз ҳамон ўз қўлимизда эканига ва келажакни қутқаришга қодир эканимизга ишонганим учун ҳам, ҳозир имконият борида бу ҳақда гапириб қолишни ўз бурчим деб билдим. Мен Совет Россияси уруш истайди, деб ўйламайман. У урушнинг меваларини ва ўз қудратию таълимотларининг чексиз кенгайишини истайди.

Аммо бугун, ҳали вақт бор экан, биз урушнинг бутунлай олдини олиш ҳамда барча мамлакатларда эркинлик ва демократия шароитларини имкон қадар тезроқ ўрнатиш ҳақида ўйлашимиз керак. Қийинчиликларимиз ва хавф-хатарларимиз уларга кўз юмиш билан бартараф этилмайди. Шунчаки нима бўлишини кутиб ўтириш билан ҳам улар йўқолиб қолмайди; муроса сиёсати билан ҳам уларни бартараф этиб бўлмайди. Бизга келишув зарур ва бу қанчалик кечиктирилса, шунчалик қийинлашади ва хавфларимиз ҳам ортиб бораверади.

Уруш даврида рус дўстларимиз ва иттифоқчиларимиз тимсолида кўрганларимдан шунга амин бўлдимки, улар энг кўп ҳурмат қиладиган нарса — куч-қудрат, энг кўп менсимайдиган нарса — кучсизлик, айниқса, ҳарбий жиҳатдан заифлик. Шу сабабли, кучлар мувозанати ҳақидаги эски таълимот асоссиз. Агар имконимиз бўлса, биз куч синашиш васвасасига йўл очадиган мўрт чегараларда ишламаслигимиз лозим. Агар Ғарб демократик давлатлари БМТ Низоми тамойилларига қатъий риоя қилиш йўлида бирлашса, уларнинг ушбу тамойилларни илгари суришдаги таъсири беҳисоб бўлади ва ҳеч ким уларга дахл қилишга журъат этолмайди.

Бироқ улар бўлиниб кетса ёки ўз бурчини бажаришда сусткашликка йўл қўйса ва бу ўта муҳим йиллар беҳуда ўтказиб юборилса, унда фалокат барчамизни ўз домига тортиши муқаррар.

Ўтган сафар мен буларнинг барчасини олдиндан кўриб, ўз ватандошларимга ва бутун дунёга бор овозим билан нидо қилган эдим, лекин ҳеч ким қулоқ солмади. 1933 йилгача ёки ҳатто 1935 йилгача Германияни ўз бошига тушган даҳшатли тақдирдан қутқариш мумкин эди ва барчамиз Гитлер инсоният бошига солган кулфатлардан омон қолган бўлардик.

Яқиндагина Ер юзининг улкан ҳудудларини вайрон қилган урушчалик ўз вақтида кўрилган чора билан олдини олиш осон бўлган бирор жанг тарихда бўлмаган. Ишончим комилки, бирорта ҳам ўқ узмасдан унинг олдини олиш мумкин эди ва Германия бугун қудратли, фаровон ва обрўли мамлакат бўлиши мумкин эди; аммо ҳеч ким қулоқ солмади ва бирин-кетин ҳаммамиз ўша даҳшатли гирдобга тортилдик. Биз бу қайта содир бўлишига йўл қўймаслигимиз шарт.

Бунга фақат ҳозир, 1946 йилда, БМТнинг умумий ваколати остида Россия билан барча масалаларда яхши келишувга эришиш орқали ҳамда ушбу келишувни кўп йиллар давомида, инглиз тилида сўзлашувчи дунёнинг бутун кучи ва унинг барча иттифоқчилари томонидан қўллаб-қувватланадиган жаҳон воситаси орқали сақлаб қолиш билангина эришиш мумкин. Мен «Тинчликнинг жон томирлари» деб ном берган ушбу мурожаатномада сизга камтарлик билан таклиф этаётган ечим шу.

Ҳеч ким Британия империяси ва ҳамдўстлигининг сўнмас қудратини паст баҳоламасин. Оролимиздаги 46 миллион аҳолининг озиқ-овқат таъминоти борасида қийналаётганини, ҳатто уруш даврида ҳам ўз эҳтиёжининг ярминигина етиштира олганини ёки олти йиллик шиддатли уруш ҳаракатларидан сўнг саноатимиз ва экспорт савдомизни қайта йўлга қўйишда қийинчиликларга дуч келаётганимизни кўриб, бу қоронғи маҳрумлик йилларидан машаққатли шонли йиллардан ўтганимиз каби ўта олмаймиз, деб ўйламанг. Ёки ярим асрдан сўнг сиз ва биз биргаликда ҳимоя қилаётган анъаналаримиз, ҳаёт тарзимиз ва жаҳоний мақсадларимиз ҳимояси йўлида бирлашган, дунёга ёйилган 70 ёки 80 миллион британияликни кўрмайсиз, деб хаёл қилманг.

Агар инглиззабон ҳамдўстлик мамлакатлари аҳолисига АҚШ аҳолиси қўшилса, бу ҳамкорлик ҳавода, денгизда, бутун дунёда, илм-фан, саноат ва маънавий кучда ўз аксини топади ва ўшанда шуҳратпарастлик ёки саргузашт васвасасини уйғотадиган ҳеч қандай қалтис, беқарор кучлар мувозанати қолмайди. Аксинча, хавфсизликнинг мустаҳкам кафолати вужудга келади.

Агар биз БМТ низомига содиқ қолиб, ҳеч кимнинг ери ёки бойликларига даъво қилмасдан, инсонлар тафаккури устидан ўзбошимча назорат ўрнатишга уринмасдан, вазмин ва ақл-идрок билан олдинга одимласак; агар Британиянинг барча маънавий ва моддий кучлари ҳамда эътиқодлари сизнинг кучларингиз билан биродарларча бирлашса, келажакнинг кенг йўллари нафақат биз учун, балки барча учун, нафақат бизнинг давримиз учун, балки келгуси аср учун ҳам очиқ бўлади.

Уинстон Черчилл,

1946 йил 5 март, Вестминстер коллежи, Фултон, Миссури, АҚШ.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.