Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида 31 та корхонадан фақат 8 тасида, Тошкент вилоятида эса 27 та корхонадан 19 тасида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилган.
Бош прокуратура матбуот хизматининг таъкидлашича, пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланишига қурғоқчил иқлим, қумли ва қум-қумоқ тупроқлар, саноат ва автотранспорт чиқиндиларининг кўпайиши, мораторий эълон қилинган даврда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, шунингдек, тасдиқланган бош режаларсиз интенсив қурилишлар каби табиий омиллар бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Қайд этилишича, прокуратура органлари томонидан «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги Қонун, президентнинг фармон ва топшириқлари, шунингдек, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб республика бўйича режали текширувлар бошланган.
Текширувлар давомида атроф-муҳитга кучли таъсир кўрсатадиган I ва II тоифали саноат корхоналари учун мўлжалланган замонавий чанг-газ тозалаш қурилмаларини ўрнатиш ишлари кечиктирилаётгани аниқланди.
Хусусан, Тошкент вилоятида 27 та корхонадан атиги 19 тасида, Тошкент шаҳрида 31 та корхонадан атиги 8 тасида шундай ишлар бажарилди.
«Шундан келиб чиқиб, 22 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида бундай текширувлар бевосита Бош прокуратура томонидан Экология, Соғлиқни сақлаш, Транспорт, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Гидрометеорология хизмати агентлиги, Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва бошқа мутасадди ташкилотлар мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўтказилмоқда,» дейилади хабарда.
Бош прокуратура барча аниқланган қоидабузарликлар алоҳида назоратга олиниши ва ҳар бир ҳолат бўйича тегишли чоралар кўрилишини таъкидлади.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.