Респyблика ҳудудига совуқ ҳаво массаси кириб келганлиги ва айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати кечалари 25 градусгача пасайиши кузатилганлиги сабабли, юзага келиши мумкин бўлган муаммоларга қарши хавфсизлик ва барқарор ишлаб чиқариш ҳолатини таъминлаш борасидаги чора-тадбирлар билан танишиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги “Ишчи гуруҳ” аъзолари Шўртан газ кимё мажмуасида бўлди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» томонидан мажмуадаги технологик асбоб-ускуналар ва ижтимоий соҳа объектларини тўхтовсиз ва барқарор ишлаши ҳамда белгиланган режа кўрсаткичларни ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган барча чора-тадбирлар ҳолати кўздан кечирилди.
Шундан сўнг, мажмуа Марказий бошқарув биносида бўлиб, мажмуанинг марказлашган бошқарув тизимини модернизация қилиш лойиҳаси бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилди.
Таъкидлаш керакки, мажмуада ўтган йил давомида 4,031 миллиард куб метр (режага нисбатан 100,8 фоиз) табиий газ хомашёси чуқур қайта ишланди. Натижада 127,3 минг тонна (режага нисбатан 101,9 фоиз) полиэтилен, 111,2 минг тонна (режага нисбатан 103,7 фоиз) суюлтирилган газ, 3,395 миллиард куб метр (режага нисбатан 100,7 фоиз) тозаланган метан гази, 99,1 минг тонна (режага нисбатан 101,5 фоиз) газ конденсати маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
Ушбу лойиҳалар орқали мажмуада технологик қурилмаларнинг ишончлилиги ва самарадорлигини ошириш кўзда тутилгани таъкидлаб ўтилди.Ўрганиш ишлари давомида мажмуада ишчи-ходимларга қўшимча шароитлар яратиш, уларнинг ишлаш, яшаш ва овқатланиш шароитларини янада яхшилаш бўйича Шўртан газ кимё мажмуаси директори Шуҳрат Аслановга қўшимча топшириқлар берилди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.