Пахлава. Қоғоздек юпқа хамир, сариёғ ва хушбўй ширин қиёмдан ташкил топган бу мазали турк пишириғи Туркияга ташриф буюрган ҳар бир сайёҳнинг гастрономик маршрутидаги биринчи манзил ҳисобланади. Ҳақиқий таъм байрами бўлган пахлава, турк тилида айтганда – баклава, Туркиянинг бой маданий меросининг муҳим рамзи ҳисобланади.
Махсус кунлар учун ширинлик
Пахлава Туркиянинг миллий ширинликларидан бири бўлиб, унинг кўп навлари мамлакатнинг бой маданий меросини ёрқин акс эттиради. Туркияда саёҳат қилганингизда турли хил маҳаллий пахлаваларни татиб кўришингиз мумкин. Қораденгиз минтақасидаги пахлава фундукли бўлса, Марказий Онадўлида пахлава учун афзал деб ҳисобланувчи асосий қўшимча бу ёнғоқдир. Эгей минтақасида бодом, Эдирне ва Тракяда эса пахлавага кунжут ишлатилади. Жануби-Шарқий Онадўлида пахлава майда қилиб майдаланган хандон писта билан тайёрланади.
Газиантеплик пахлава усталари ширинликни ташқи кўриниши ва таъми билан бешта сезги аъзосига ёқиши керак, деб ҳисоблашади. Пахлава таркибидаги масаллиқлар нисбатан содда бўлсада, ширинликни ишлаб чиқариш жуда катта маҳорат ва тажриба талаб қилади. Усталарнинг фикрига кўра, яхши пахлава биринчи навбатда етарлича пиширилиши ва яхши кўтарилиши керак. Олтин сариқ тус билан кўзни қувонтириши лозим. Уни кўтарганингизда енгил, шарбатида ивиб қолмаган, шунингдек, албатта янги писта ва табиий сариёғнинг хушбўй ҳидига эга бўлиши талаб этилади. Пахлава бўлагини тишлаганингизда, юпқа хамирнинг шитирлаши эшитилиши ва албатта бетакрор таъмга эга бўлиши лозим. Газиантепда пахлавани учратиш шу қадар осонки, уларни ҳар бир озиқ-овқат дўконлари ва махсус қандолат сотиш шахобчаларидан ҳарид қилиш мумкин. Табиийки, шаҳарда пахлава музейи ҳам мавжуд.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.