Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистонда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қатор таклифлар ишлаб чиқилди.
Агентликнинг таъкидлашича, Тошкентда тунги иқтисодиётни самарали ривожлантириш учун айрим кўчаларни гастрономик зоналарга айлантириш билан чекланиб қолмасдан, устувор қадамларни қўйиш зарур.
Шу муносабат билан агентлик Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар ишлаб чиқди, хусусан:
2025 йил 1 февралдан тунги иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ишчи гуруҳ тузиш;
— кўнгилочар муассасаларнинг жума ва шанба кунлари кеча-кундуз ишлаши ҳамда уларнинг иш соатларига қўйилган чекловларни бекор қилиш;
— туристик жозибадор зоналарни аниқлаш ва уларда тунги тадбирлар учун жойларни ташкил этиш;
— Тошкент шаҳридаги жамоат транспортини (автобуслар, трамвай, метро) кеча-кундуз ишлаш режимига ўтказиш;
— тунги муассасалар, жамоат транспорти йўналишлари ва махсус таклифлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган «Тунги Тошкент» электрон платформасини яратиш;
— тунги иқтисодиёт учун маълум ҳудудларни модернизация қилиш, кўчаларни ёритишни кучайтириш ҳамда аҳоли ва сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, «Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, тунги иқтисодиёт соҳасида лицензиялаш тизимини ислоҳ қилишни назарда тутувчи қонунни тайёрлаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.