«Охирги нарх $15 минг, мен картошка эмас одам сотяпман» — ўз қизини сотишга уринган аёл қамалди

"Охирги нарх $15 минг, мен картошка эмас одам сотяпман" — ўз қизини сотишга уринган аёл қамалди

Сурхондарёда 23 ёшли аёл ўзининг қизалоғини уй олиш учун сотмоқчи бўлганида қўлга олинди.

Сурхондарёлик 23 ёшли аёл моддий-манфаатга эришиш мақсадида ўз чақалоғини сотишга уринди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, 23 ёшли Д. исмли аёл Термиз шаҳридан уй-жой сотиб олиш учун 2024 йилда туғилган чақалоғини сотишни мақсад қилиб, харидор излайди. Аёл харидор топиб, у билан қизини 15 минг АҚШ долларига сотишга келишади.

Термиз шаҳридаги ресторанлардан бирида қизини бериб, келгусида қайтариб олмаслигини билдириб, тилхат ёзиб беради.

«Майли сизники ҳам эмас меники ҳам эмас, мен картошка сотмаяпман, одам сотяпман, 15 минг доллар берасиз, шу охирги нарх деди. Мен ўша куни пул топиб, олиб келдим», — дейди болани сотиб олмоқчи бўлган аёл.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди аёлни Жиноят кодексининг 135-моддасида (одам савдоси) назарда тутилган жиноятни содир этган деб топиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазони умумий тартибли колонияда ўтаттириш белгиланди.

Сурхондарё вилояти Перинатал марказида сақланаётган қизалоқ васийлиги Жарқўрғон тумани инсон-ижтимоий хизматлари марказига юклатилди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.