«Видеолавҳани мен ҳам кўрдим. Бу ёлғон маълумот» — «Чорсу» бозоридаги жигар ҳақидаги видеога масъул шахс муносабат билдирди

"Видеолавҳани мен ҳам кўрдим. Бу ёлғон маълумот" — "Чорсу" бозоридаги жигар ҳақидаги видеога масъул шахс муносабат билдирди

Тошкент шаҳар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи бу видеодаги маълумотни ёлғон деб атади. Аввалроқ, Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси «Чорсу»да сифатсиз гўштлар сотилаётгани аниқланганини маълум қилганди.

Ижтимоий тармоқларда қозоғистонлик блогер томонидан пойтахтдаги “Чорсу" деҳқон бозорида сифатсиз жигар гўшти сотилаётгани айтилган видеолавҳа эълон қилинди.

Бунга Тошкент шаҳар Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси озиқ-овқат хавфсизлиги ва ташқи ишлар бўлими бошлиғи Ўткир Отабоев шундай жавоб қилди:

«Бир кунда “Чорсу» деҳқон бозорига 18-20 тонна мол, 12-13 тонна майда шохли мол ва 5-6 тонна парранда гўшти кириб келади. Барча кириб келаётган гўшт маҳсулотлари пойтахтимиз ва вилоятлардаги қушхоналардан бирламчи ветеринария ҳужжатлари билан келтирилади. Бундан ташқари, бозордаги ветеринария-санитария экспертизасида ўндан ортиқ мутахассис фаолият олиб боради. Улар томонидан бозорга кириб келаётган барча гўштлар тўлиқ назоратдан ўтказилиб, сотув расталарига чиқарилади.

Қозоғистонлик блогер томонидан “Чорсу"да сотилаётган жигар гўштининг ичида эхинококк борлиги айтилган видеолавҳани мен ҳам кўрдим. Бу ёлғон маълумот. Чунки, эхинококк бор жигар гўшти бозоргача етиб келмайди. Шунингдек, қушхоналарда сўйилган ҳар бир мол, қўйлар ветеринария шифокорлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, ўша ернинг ўзида утилизация қилинади, яъни зарарсизлантирилади.

Видеода кўрсатилган жигардаги оқ доғлар ёғ тўқималардир. Ушбу жигар гўшти қайта текширувдан ўтказилди. Унда ҳеч қандай эхинококк топилмади", — дейилади хабарда.

Аввалроқ, Санепидқўмита Тошкент шаҳар бошқармаси айнан шу видеодан кейин Тошкентдаги «Чорсу» бозорида 9 кг сифатсиз жигар маҳсулоти савдодан олинганини маълум қилганди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.