Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистон картошка экспортини чеклаши ортидан Ўзбекистонда картошка нархи ошгани юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мамлакат аҳолисининг картошкага бўлган йиллик талаби 4 млн тоннани, аҳоли жон бошига эса 110 кг ни ташкил этади. 2024 йилда мамлакатда жами 3,7 млн тонна, шундан асосий майдонда 2,7 млн тонна ва такрорий экин сифатида 1 млн тонна картошка етиштирилган. Мазкур ҳосилнинг 600 минг тоннаси кейинги мавсумда экиш учун уруғлик сифатида захира қилинган ва табиий йўқотиш 100 минг тонна (3%) атрофида белгиланган.
Одатда етиштирилган картошканинг 3 млн тоннаси, шундан асосий майдон ҳосилидан 2 млн 250 минг тонна 2024 йил апрель-октябрда ва такрорий майдон ҳосилидан 750 минг тоннаси 2024-йил ноябрдан 2025 йил апрелгача ички истеъмолга йўналтирилади.
2024-2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,5 минг тонна (94,8 %) картошка захирага жамғарилган ва fsp.agro.uz онлайн платформаси орқали субъектлар кесимида мониторинг йўлга қўйилган.
Захирага жамғарилган маҳсулотни ички истеъмол бозорига чиқариш бўйича Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳар 10 кунлик тармоқ жадвали ҳудудлар кесимида тасдиқланиб, ижросини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига юборилган.
Жорий йил 20 январь ҳолатига маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан жами 6,3 минг тонна картошка ички бозорларга савдога чиқарилган, захира қолдиғи 239,2 минг тоннани ташкил қилади. 2024 йилда 703 минг тонна, шундан декабрь ойида 74,4 минг тонна картошка импорт қилинган.
Таъкидланишича, Ўзбекистонга картошка импорти фақат Қозоғистонга боғланиб қолмаган. Мамлакатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини диверсификация қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар самараси туфайли айни пайтда қўшни Қозоғистондан ташқари Покистон, Қирғиз Республикаси ва Афғон Ислом Республикаларидан ҳам картошка импорт қилиш йўлга қўйилган.
Хусусан, мамлакатда картошка етишмовчилигининг олдини олиш ва ўз вақтида зарур чора-тадбирлар кўриш учун 2024 йил 6-11 декабрь кунлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари И. Эргашев раҳбарлигида Ўзбекистон делегацияси Эрон ва Покистонга юборилди.
Ташриф давомида эришилган келишувга мувофиқ, 2025 йил январь – май ойларида мамлакатимизга Эрондан 100 минг тонна ва Покистондан 100 минг тонна жами 200 минг тонна картошка етказиб берилади.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятидаги дала майдонларида етиштирилаётган картошка ҳосили март ойининг иккинчи ярми ва апрель ойларида тўлиқ мамлакатимиз бозорларига чиқарилади.
Ички бозорни картошка билан таъминлаш ҳамда нарх барқарорлигини сақлаш учун қуйидагилар амалга оширилади:
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан бирга тайёрлов корхоналарида захира қилинган картошка ҳисобидан 239,2 минг тонна маҳсулотни график асосида ҳар 10 кунда 15-25 минг тоннагача миқдорда ички бозорга тизимли чиқарилади;
- Карантин агентлиги томонидан импортёр тадбиркорлар билан Покистондан ва Эрондан 100 минг тоннадан ҳамда Афғонистондан фитосанитар талабларга мувофиқ қўшимча картошка олиб келиш ташкил этилади;
- Сурхондарё вилоятида январь ойида 7,5 минг гектар ҳамда февраль ойида барча вилоятларда (Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан ташқари) 28,5 минг гектар майдонда картошка экилиб, апрель ойида 70 минг тонна, май ойида 450 минг тонна ҳосил етиштирилиб, ички бозорга йўналтирилади ва аҳоли талаби тўлиқ таъминланади.
«Юқоридагилардан келиб чиқиб, юртдошларимиздан мамлакатимизда картошка нархи ошиши ҳақидаги бир томонлама олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда тарқатилаётган хабарларга алданиб қолмасликларини, журналистлар ижтимоий тармоқлар фаоллари ва блогерлардан эса бу каби хабарларни тайёрлашда асосли маълумотлардан фойдаланишларини сўраймиз», дейилади хабарда.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.