“Миллий тикланиш” партияси аъзолари маҳкумларнинг қонунга бўйсунишини рағбатлантирувчи нормаларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилди.
Ушбу қонун лойиҳасига кўра, маҳкумларнинг жазо ўташ муддатини ўзини ўзи тарбиялаш орқали тузалиш йўлига ўтганлигини тасдиқловчи ҳаракатларни бажарганлиги муносабати билан камайтириш назарда тутилмоқда.
«Мазкур қонун лойиҳаси билан маҳкумларнинг хулқ-атворини яхшилаш, жазони ижро этиш муассасаларида маънавий-маърифий муҳитни ривожлантириш мақсадида маҳкумларни китобхонликка жалб этиш масаласи назарда тутилмоқда. Хусусан, қисқартирилмайдиган жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга тасдиқланган рўйхат бўйича 1 та китоб ўқигани ва белгиланган имтиҳонни топширгани учун жазо муддати 3 кунга қисқартирилади», – дейди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Баҳодир Маматхонов.
Бунда йилига кўпи билан 10 та китоб ўқиш мумкинлиги белгиланяпти. Маҳкумлар ўқийдиган адабиётлар рўйхати Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тасдиқланади. Бу каби чоралар маҳкумларнинг ахлоқан тузалиш йўлига ўтишига хизмат қилади.
Мунозаралар давомида депутатлар қонун лойиҳасининг аҳамиятига алоҳида тўхталиб, уни такомиллаштириш бўйича ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маҳкумларни ижтимоий фойдали машғулотлар билан шуғулланишга, китобхонликка жалб қилиш орқали ахлоқан тузатиш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.