3 март куни Покистон Бош вазирининг қароргоҳида Ўзбекистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев ва Имрон Хон фахрий қоровул олдидан ўтиб, шоҳсупага кўтарилди. Ўзбекистон ва Покистоннинг давлат мадҳиялари янгради.
Имрон Хон Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Покистон учун устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Учрашувда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Пандемияга қарамай, барча соҳалардаги алоқалар ривожланмоқда. Хусусан, 2021 йилда ўзаро савдо айланмаси қарийб 50 фоизга ўсди. Жорий йил бошидан яна 70 фоиз ўсиш кузатилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда покистонлик инвесторлар томонидан ташкил этилган 177 та корхона фаолият кўрсатмоқда.
Афғонистонда кун сайин мураккаблашаётган гуманитар ҳолат унинг яқин қўшнилари сифатида Ўзбекистон ва Покистонда жиддий ташвиш уйғотмоқда. Ушбу мамлакатга инсонпарварлик кўмаги кўрсатишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Имрон Хон Ўзбекистон президенти туҳфа қилган Урдуча-ўзбекча муштарак сўзлар луғатини катта мамнуният билан қабул қилди. Унда ўзбек ва урду тилларидаги 3 мингдан ортиқ бир хил маъноли сўзлар жамланган, дейилади хабарда.
Ташриф давомида музокаралар икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.
Давлат раҳбари яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 млн доллар, келгусида эса 1 млрд долларга чиқариш имконияти борлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди, дейилади хабарда.
Аввало, саноат соҳаларида кооперация дастурини, савдо айланмаси таркибини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Иккинчи муҳим йўналиш — мамлакатлар ва минтақалар ўртасида мультимодал транспорт, юк ва ҳаво ташувлари бўйича ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда Транзит ва савдо битими кучга кирди, мунтазам юк ташувлари учун асос яратилди.
Икки мамлакат ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ҳам ривожланмоқда. Жумладан, Наманган вилояти ва Панжоб музофоти ишбилармонлари кўплаб лойиҳаларни амалга оширмоқда. Келгусида Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси ва бошқа ҳудудларда ҳам ана шундай самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
«Ўйлайманки, бугунги очиқ ва сермаҳсул мулоқотларимиз, имзоланадиган ҳужжатлар стратегик шериклигимизнинг янги истиқболли йўналишларини очади. Энг асосийси, биз — икки биродар бир-биримизни яхши тушунамиз. Биз қўйган катта марраларга эришиш учун ҳукуматларимиз доимий мулоқотда бўлишлари зарур» — деди президент.
Исломободдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.
Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темир йўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, ташриф арафасида ўтган бизнес форумда 800 миллион долларлик қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Давлат раҳбари журналистлар билан мулоқотда Покистон халқини яқинлашиб келаётган Покистон куни байрами билан яна бир бор табриклади. Ушбу ташриф катта тарихий воқеа — мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ўтаётгани рамзий маънога эга эканини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатларда амалга оширилаётган «Янги Ўзбекистон» ва «Ная Покистон» дастурларининг муштарак экани ҳам икки мамлакатнинг қараш ва интилишлари бир-бирига уйғунлигини тасдиқламоқда, дейилади хабарда.
Ташриф доирасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим имзолангани муҳим қадам бўлди.
Томонлар Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик қўшма транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олди.
Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига чиқувчи «Термиз — Мозори Шариф — Кобул — Пешовар» стратегик темир йўлини қуриш ишларини яқин муддатларда бошлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳудудлараро ҳамкорликда улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Бу борада Наманган вилояти ва Панжоб провинцияси муваффақиятли намуна кўрсатмоқда. Бошқа ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Покистон Бош вазири билан музокаралар чоғида минтақа кун тартиби ва Афғонистондаги бугунги вазият юзасидан самарали фикр алмашилди. Ушбу мамлакатда мураккаблашаётган гуманитар ҳолат жиддий ташвиш ва хавотир уйғотаётгани қайд этилди.
Давлат раҳбари халқаро ҳамжамиятни афғон халқига ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида хавфсизлик, ҳарбий-техник соҳаларида, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқа.
Икки мамлакат фан, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, ёшларга оид дастурларни амалга ошириш тарафдори.
Ўзбекистонда йил сайин урду тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди. Покистонда ҳам Исломобод замонавий тиллар университети, Панжоб ва Пешовар университетлари каби олий таълим муассасалари негизида ўзбек тили ва адабиёти, Ўзбекистон тарихини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
«Ташриф давомида салмоқли ҳужжатлар тўпламини, жумладан, Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисида қўшма декларацияни имзоладик. Унда мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича бўлажак саъй-ҳаракатларимиз белгилаб олинган. Маънавий илдизлардан куч ва илҳом олаётган алоқаларимиз келгусида ҳам халқларимизнинг орзу-интилишларига ва биз тузаётган катта-катта режаларга мос равишда янги марраларга кўтарилади», — деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.