Тошкентнинг Глинка кўчасида 16 қаватли бизнес марказлари ва меҳмонхона мажмуаси қурилади

Тошкентнинг Глинка кўчасида 16 қаватли бизнес марказлари ва меҳмонхона мажмуаси қурилади

Лойиҳа мазкур кўчада жойлашган 37, 39 ва 41-уйлар ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган.

Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенова ўзининг ўринбосарлари ва масъул раҳбарлар Griffin Development компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар қилди.

Музокаралар давомида туманнинг Глинка кўчасида жойлашган 37, 39 ва 41-уйлар ҳудудида йирик қурилиш лойиҳасини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу ҳудуд 0,63 гектар майдонни ташкил этиб, лойиҳа доирасида 70 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестиция жалб этилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа доирасида 3 та 16 қаватли бизнес маркази, замонавий меҳмонхона, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари ҳамда қулай инфратузилмага эга турар-жой бинолари барпо этилиши кўзда тутилган. Бу эса нафақат Яккасарой туманининг архитектура қиёфасини янгилашга, балки янги иш ўринлари яратиш орқали аҳолининг бандлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

Учрашув давомида инвесторлар лойиҳанинг муҳим жиҳатлари, амалга ошириш босқичлари ва кутилаётган самаралар ҳақида маълумот бердилар. Томонлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва лойиҳани сифатли ҳамда ўз вақтида якунлаш бўйича келишиб олдилар.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.