Ўзбекистонда қурилиш майдончаларида чангни ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Ўзбекистонда қурилиш майдончаларида чангни ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Бундай қоидабузарлик учун мансабдор шахслар 19 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин. Тегишли қонун Сенат томонидан маъқулланди.

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисда “Қурилиш майдонларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талаблар белгиланиши муносабати билан МЖтКга қўшимчалар ва ўзгартириш киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди.

Таъкидланганишича, қурилиш ва урбанизация кўламларининг кенгайиши, қурилиш объектларининг майдонларидан чанг ва қум заррачаларининг шамол орқали ҳавога кўтарилиши натижасида атмосфера ҳавоси ёмонлашмоқда.

Статистик маълумотларга қараганда республикамизда 500 квадрат метрлик очиқ қурилиш майдонидан йилига 50 тоннагача чанг ва қум ҳавога кўтарилади.

Аслида, қурилиш ҳудудлари, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар (чангни бостириш учун осма ёмғирлатгич ва сув пуркагичлардан фойдаланиш) шаҳарсозлик қоидаларига киритилган. Бироқ миллий қонунчиликда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талаблари ва шаҳарсозлик қоидалари доирасида айнан қурилишда чангни ҳавога кўтарилишига йўл қўйганлик учун аниқ жавобгарлик назарда тутилмаган.

Шу сабабли, мавжуд вазият қурилиш майдонларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларини бузганлик учун қурилиш ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан жавобгарлик белгиланишини тақозо этмоқда.

Сенаторлар томонидан кўриб чиқилган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ушбу турдаги ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликни белгиловчи модда билан тўлдирилмоқда.

Эндиликда ўлчами 500 квадрат метр ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонида, унга туташ бўлган ҳудудда ҳамда ундан чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этишга доир мажбурий талабларни бузиш ёхуд ушбу ҳудудларда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги нормативлардан ортиқ даражада атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйиш мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, агар шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан сўнг бир йил давомида такроран содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида жарима қўлланилади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.