Биласизми, нимаси аламли? Дональд Трамп, Илон Маск ва бошқа шахсларнинг твитлари кўринишидаги медиа-шовқинга жуда кўп эътибор қаратилмоқда. Лекин бошқа илож ҳам йўқ. Шуни тушуниш керакки, яқин келажакда Трамп ва унинг ҳозирги атрофидагилар томонидан баланд овоздаги твитлар камаймайди.
Твитлардаги ҳиссиётлар ортида реал сиёсий ҳаётда рўй бераётган воқеалар иккинчи даражага тушиб қолди. Биз халқаро муносабатлар соҳасидаги савдони, айтиш мумкинки, бевосита кузатиш учун ноёб имкониятга эга бўлдик. Жума куни бундай савдодан бир парчани жонли эфирда кўрдик. Университет дарсларида бизга савдолар саҳна ортида бўлишини айтишган ва биз буни кўрмаймиз. Одатда шундай бўлади. Аммо сўнгги бир неча ҳафта давомида биз кичик давлатнинг катта давлат билан қандай савдолашаётганини кузатишимиз мумкин бўлди.
Мен «Форс-мажорлар» («Suits») сериалини эслайман, унда корпоратив юристлар доимий равишда бир-бирлари билан савдолашар, бир-бирларининг кабинетларига кириб, таклифлар ёзилган папкаларни столга улоқтиришарди. Мана, Трамп Владимир Зеленскийга АҚШ учун жуда фойдали, лекин Украина учун ўта фойдасиз таклиф ёзилган папкани ташлади.
Трамп, умуман олганда, илк таклифларни бўрттириб кўрсатишни яхши кўради. Аслида, барча йирик давлатлар шундай қилмоқда. Қилади ва унинг таклифига қандай муносабатда бўлишларини кузатади.
Бу савдода Киев мулоқотни жуда оқилона йўлга қўйди, ҳиссиётларга берилмади. Бу бироз кутилмаган эди, чунки сўнгги пайтларда Зеленский жамоаси самарали мулоқотни ташлаб қўйгандек таассурот пайдо бўлди. Айнан у Украинанинг қуламаслиги ва 2022 йилда ёрдам олишида муҳим роллардан бирини ўйнади. Хуллас, эсингизда бўлса, шартнома янгиланди, қатъий шартлар олиб ташланди, Трамп Зеленскийни диктатор деб атаганини умуман «унутди».
Жума куни Трамп ва Ко яна бир бор қизил чизиқларни кесиб ўтишга қарор қилди. Жонли эфирда, камералар қаршисида, ҳазиллар ва аччиқ киноялар билан. Тест, айтиш керакки, мураккаб. Тинч осмон остидаги мамлакатларнинг барча президентлари ҳам бундай босимга дош бера олмайди. Зеленскийга эса шунчаки бошқа йўл қолдиришмай, «Рози бўл» дейишди. Менинг фикримча, анча хотиржам ва асосли рад жавобини олгач, одамлар жазавага туша бошлади.
Қачон кўргансиз Оқ уйда АҚШ маъмурияти бақириб-чақирганини, бунинг устига бунақа тиши йўқ аргументларни ишлатганини?
Умуман олганда, яна бир бор Зеленскийнинг ҳам бизнес сферасидан эканини ҳисобга олиш керак. Трампнинг қўрслик билан музокаралар олиб бориш услуби классик костюм кийган сиёсатчилар билан иш беради. Бу ерда эса у ён беришни истамайдиган, ўзига ўхшаган битимлар ишқибозига рўбарў келди. У «Шукур қилишинг керак. Менсиз тамом бўласан» деган гапни Масляковдан ҳам эшитган. Айтганча, у келишувдан ҳам бош тортган.
Яқин келажакда биз миллион марта таҳрирланган пресс-релизлар ва платоник қўшма баёнотларни эмас, балки халқаро муносабатларнинг ҳақиқий жараёнларини кузатамиз. Ҳудудининг бир қисмини қўшни давлат босиб олган, ўта оғир иқтисодий аҳволда бўлган, ҳозирда тўлиқ ташқи ёрдамга боғланган мамлакат раҳбарияти ўзи боғлиқ бўлган мамлакат билан музокараларда ўз манфаатларини ҳимоя қилишда давом этаётгани ва ноқулай вазиятдан фойдасиз битимлар тузиш учун фойдаланишга йўл қўймаётганини кузатамиз.
Бу миллий манфаатларни ҳимоя қилиш демакдир. Яъни кимнингдир шахсий манфаатларини эмас, мамлакат манфаатларини. Ва шубҳасиз Украина истеблишментидан ёки сарой таҳлилчиларидан ҳеч ким: «Хўш, биз битимни қабул қилишга мажбурмиз. Бизга қандай босим ўтказилаётганини ўзингиз тушуниб турибсиз-ку. Деярли ҳар куни Оқ уйдан қўнғироқ қилиб, сўкишяпти», — деб гапирмаяпти. Киевга эса чиндан ҳам босим ўтказилди. Ва Киевга босим ўтказиш ричаглари ҳозир бошқа ҳар қандай давлатга қараганда кўпроқ.
Аммо «масхарабоз» аслида қобилиятли сиёсатчи бўлиб чиқди, ваҳоланки Зеленский атрофида ва мамлакатимизда шундай медиафонни яратган пропаганда уни айнан шундай тавсифларди. Ва у сиёсат билан шуғулланмоқда, уч йилдан буён ҳар қандай сиёсатчининг биринчи ва асосий (эҳтимол, ягона) вазифасини бажаряпти — миллий манфаатларни ҳимоя қиляпти.
Мана уч йилдирки, Зеленский ва Украина халқи Украина эркинлигини ҳимоя қилиб, бошқа давлатларни ҳам билвосита ҳимоялашда давом этмоқда. Ва шунинг учун Украина таслим бўлмаслиги муҳим. Улар унга ёрдам беришда давом этишлари учун. Ва бу қўллаб-қувватлов Украина раҳбарияти ҳамда Украина жамияти ўз миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қодир бўлгунга қадар айни муддаодир.
Оқ уйдаги воқеа коммуникация нуқтаи назаридан ҳам, сиёсий нуқтаи назардан ҳам Трамп маъмуриятининг муваффақиятсизлигидир. Бундан ташқари, у яратган барча шов-шувлар ортида, АҚШнинг янги президенти ваъда қилган навбатдаги «осон» ва «тез» битим яна барбод бўлганига ҳеч ким эътибор бермайди. 24 соат ичида тинчлик, Гренландия, Канада, Панама, минераллар…
Зеленскийга ҳам осон эмас. Уруш давом этмоқда, бу сиёсий виктимблейминг эса кимгадир фақат фойда келтиради. Аммо Украина президенти учун ҳеч бўлмаганда у ўзлигича қолишда давом этаётгани — Киевдан қочишни рад этган, кўчада олинган ўша видеодан маълум.
Вашингтонда содир бўлган воқеа Европа етакчилари учун туртки бўлиши керак. Уларнинг амбицияли твитларни реал ишларга айлантириш қобилиятига кўп нарса боғлиқ бўлади.
Халқаро муносабатларда константа сифатида қабул қилинган кўплаб тушунчалар: иттифоқлар, ташкилотлар, мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар барбод бўлишига тайёр туриш керак. Бу бир-икки йилдан бери содир бўлмоқда, аммо бу йил кучаймоқда. Тарих янги бурилиш ясайди ва жиддий тезланиш босқичига киради.
Шунинг учун, агар сиёсатни кузатаётган бўлсангиз, сиёсий шов-шувларга қувватингизни сарфламанг, арзимайдиган нарсаларга ҳис-туйғуларингизни сарф этманг. Бу шовқин ортида анча қизиқарли нарсалар содир бўлади. Улар хотиржам эътибор ва баҳога лойиқ ва бугунги твиттер юлдузларидан-да омон қолади.
Муаллиф фикри таҳририят фикридан фарқ қилиши мумкин.
Юрий Саруханян — халқаро алоқалар бўйича мутахассис, «Серия пенальти» Telegram канали муаллифи.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.