Йиғилишда «102» хизмати орқали келиб тушган жиноят ҳақидаги хабарларни автоматик тарзда рўйхатга олиш, яъни, ҳар бир мурожаатни «рақамли изи» қоладиган тизим яратилгани ўз натижасини бергани айтилди.
«Лекин айрим туман ва шаҳар ички ишлар раҳбарлари статистикани яхшилаш учун жиноятни яшираётгани, рўйхатга олишни ойлаб чўзиб юрибди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент янги ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатовга ҳар бир маҳалладаги профилактика масканларини кузатув камераси ва ҳар бир инспекторни «боди камера» билан таъминлаб, ҳуқуқбузарликларни рўйхатга олиш бўйича янги платформани ишга тушириш топшириғини берди. Шунингдек, вазирга жиноятларни ҳисобга олиш тизимини тўлиқ рақамлаштириш вазифаси топширилди.
Шавкат Мирзиёв, шунингдек, прокурорлар тергов устидан назоратни сусайтириб юборганини танқид қилди. Бунга мисол сифатида давлат раҳбари судлар томонидан 637 та жиноят иши камчиликлари учун терговга қайтарилганини келтириб ўтди.
Президент бош прокуратура тергов сифатини ошириш ҳамда жиноятчиликни олдини олиш бўйича янада қаттиқ ишлаши кераклигини айтди.
«Бош прокуратура ҳам, ички ишлар вазирлиги ҳам уйғониши, янгича ишлаб, бир-бирини тийиб туриши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.
© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.