Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси аэропортда бошқа одамларнинг юкларини олмасликка чақирди

Истанбулдаги Ўзбекистон консулхонаси аэропортда бошқа одамларнинг юкларини олмасликка чақирди

Бош консулхона ўзбекистонликларга мурожаат қилиб, бошқа одамларнинг багажларини олиб ўтиб бермасликка чақириб, бу оғир жиноятларга олиб келишидан огоҳлантирди.

Консулхона Матбуот хизматининг таъкидлашича, Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги авиақатновлар давомида айрим шахслар аэропортларда сиздан ўз юкларини Ўзбекистонга етказиб беришни илтимос қилиши мумкин. Улар турли баҳоналар билан (масалан, оғир касал қариндоши борлиги ёки юкни жўнатиш имконияти йўқлиги) сизни ишонтиришга ҳаракат қилишади. Бироқ, бундай ваъдаларга ишонманг ва бегона юкни ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг.

Ўтган йилларда бир неча Ўзбекистон фуқаролари айнан шундай вазиятларга тушиб қолган ва ноқонуний юкларни, жумладан наркотик моддалар ва сохта ҳужжатларни билмасдан олиб ўтганлари учун ҳибсга олинган:

2023 йил – Истанбул аэропортида 27 ёшли Ўзбекистон фуқароси номаълум шахснинг илтимосига биноан юкни олиб ўтишга рози бўлди. Бироқ, чегарада текширув вақтида юк ичидан катта миқдорда наркотик моддалар топилди. Натижада, у 10 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

2022 йил – Анталия шаҳридан Тошкентга қайтаётган яна бир фуқаро ўзига нотаниш кишининг юкини олиб ўтишга рози бўлди. Юк таркибида сохта паспорт ва ноқонуний ҳужжатлар борлиги аниқланиб, фуқаро бир неча йилга озодликдан маҳрум этилди.

«Бегона одамларнинг юкини ҳеч қандай ҳолатда қабул қилманг. Сизнинг эҳтиётсизлигингиз ёки бегоналарга бўлган ишончингиз оғир жиноий оқибатларга олиб келиши мумкин. Шубҳали илтимосларга алданманг ва ўз хавфсизлигингизни ҳимоя қилинг», — дейилади хабарда.

Сўнгги янгиликлар

Категориялар

© Yangiliklar24 . All Rights Reserved.